Ўзбекистон ҳар ойда 1 миллиондан ортиқ хорижий туристни қабул қилмоқда

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонга 8,6 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 112,5 фоизга кўпдир.

Turist

2025 йил апрелидан бошлаб Ўзбекистон ҳар ойда 1 миллиондан ортиқ хорижий туристни қабул қилмоқда. Бу кўрсаткич мамлакат туризм соҳаси учун янги тарихий марра бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Жорий йилнинг биринчи тўққиз ойида 8,6 миллиондан зиёд сайёҳ мамлакатга ташриф буюрган. Бу натижа 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 112,5 фоиз ўсишни кўрсатади. Туризм соҳасидаги бу ўсиш халқаро ҳамкорлик, инфратузилмани ривожлантириш ва миллий брендни илгари суриш бўйича амалга оширилган кенг кўламли чоралар самарасидир.

Маълумотларга кўра, айниқса бир қатор давлатлардан келаётган туристлар оқими кескин ошган. Британиядан ташрифлар 2,6 бараварга, Қатардан 6,2 бараварга, АҚШдан 3 бараварга, Франциядан 2,9 бараварга, Россиядан 2,1 бараварга, Венгриядан 3,3 бараварга, Германиядан 2,5 бараварга, Полшадан эса 6,2 бараварга кўпайган.

Бундан ташқари, 2025 йилда туристик хизматлар экспорти ҳам рекорд даражага — 3,6 миллиард АҚШ долларига етди. Бу кўрсаткич Ўзбекистон иқтисодиётида туризмнинг аҳамияти ортганини ва соҳанинг экспорт салоҳияти кенгаяётганини кўрсатади.

Маълумотларга кўра, етакчи халқаро медиа платформалар билан ҳамкорлик қилиш, хорижда роуд-шоулар ўтказиш, кўргазмаларда фаол иштирок этиш ва чет эл оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этиш мамлакат брендини жаҳон миқёсида мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнамоқда.