2025–2026 ўқув йилининг кузги таътили 4 ноябр куни бошланиб, 9 ноябргача давом этади. Шунингдек, II чорак бўйича дарс машғулотлари 10 ноябрдан қайта йўлга қўйилади. Бу ҳақда Мактобгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Амалдаги тартибга кўра, таътил муддатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган низом асосида белгиланган. Унга мувофиқ, кузги таътил 6 календар кун, қишки таътил 28 декабрдан бошлаб 14 календар кун, баҳоргиси 21 мартдан 7 календар кун давом этади. Ёзги таътил эса ўқув йили якунланиши билан 1 сентябргача белгиланади.
Вазирлик таъкидлашича, агар таътилнинг охирги куни байрам ёки ишланмайдиган кунга тўғри келса, дарс машғулотлари кейинги иш кунидан бошланади. Шунингдек, байрам кунларига тўғри келган дарс мавзулари ўқув дастурини ихчамлаштирган ҳолда кейинги машғулотларда ўтилади.
Мазкур тартиб ўқув жараёнида узлуксизликни таъминлаш ва ўқувчиларнинг таълим дастурини тўлиқ ўзлаштиришини қўллаб-қувватлашга қаратилган.