Ўзбекистонда беш давлат иштирокида «Бирлик – 2025» йирик ҳарбий ўқув машғулоти бошланди

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Машғулотлар Самарқанд вилоятидаги «Каттақўрғон» полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбойжон ҳарбийлари иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Xarbiy

14 октябр куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан «Каттақўрғон» полигонида «Бирлик – 2025» деб номланган минтақавий биргаликдаги ҳарбий ўқув машғулотларига старт берилди. Бу — Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон иштирокидаги энг йирик ҳамкорлик ўқувларидан бири ҳисобланади.

Ўқувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбойжон мудофаа вазирликлари бўлинмалари қатнашмоқда. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, машғулотнинг асосий мақсади мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий хавф-хатарларга жавоб бериш салоҳиятини оширишдир.

Таъкидланишича, машғулотлар давомида иштирокчилар замонавий жанговар тажрибага асосланган ҳолда қўшма операциялар ўтказишни ўрганади. Улар артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника ва бошқа қурол турларидан фойдаланиб, узоқ масофадаги нишонларни аниқ йўқ қилиш амалиётини синаб кўради. Бу орқали иштирокчи армиялар тактик ҳамкорлик ва жанг майдонидаги мувофиқликни такомиллаштиради.

Машғулот доирасида жанговар тайёргарлик, тактик мусобақалар ва илғор жанговар усулларни қўллаш бўйича машқлар ташкил этилган. Шу билан бирга, ҳарбийлар Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, тарихий ва маънавий мерос билан танишадилар.

Тадбир доирасида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон мудофаа вазирларининг илк учрашуви ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Бу учрашув минтақада хавфсизлик ва ҳамкорлик соҳасида янги босқични бошлаши кутилмоқда.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таъкидлашича, «Бирлик – 2025» ўқуви нафақат ҳарбий малака алмашиш имконини беради, балки минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.