Ўзбекистонда электрон ҳисоб-фактуралар бўйича рискларни баҳолаш тизими жорий этилади

11:30 | 4 дақиқада ўқилади.

2026 йилдан электрон ҳисобварақ-фактуралар риск даражасини реал вақтда аниқлайдиган автоматлаштирилган тизим ишга тушади. Бу бизнес учун шаффофликни ошириб, солиқ интизомини кучайтириши айтилмоқда.

111

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) бўйича рискларни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълум қилди. Янги механизм Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, Президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги фармони билан жорий этилади.

Тизимнинг асосий вазифаси — ЭҲФ расмийлаштиришдаги солиқ рискларини автоматик равишда баҳолаш ва қонунбузарлик ҳолатларини олдиндан аниқлашдир. У ҳар бир ҳисоб-фактурани реал вақтда таҳлил қилиб, хавф даражасини белгилайди. Агар юқори риск аниқланса, харидор бу ҳақда дарҳол маълумот олади. Бу орқали тадбиркорлар шубҳали контрагентлар билан битим тузишдан олдин хавфни баҳолаш имконига эга бўлади.

2026 йилдан бошлаб юқори рискли ЭҲФлар учун икки муҳим қоида амал қилади: бундай ҳисоб-фактуралар умумий ЭҲФларнинг 10 фоизидан ошмаслиги лозим ва ҚҚСни ҳисобга олиш фақат солиқлар тўлиқ тўланганидан кейингина мумкин бўлади.

Ҳозирда тизим тест режимида ишламоқда. У тадбиркорларнинг хатоларини жарималарсиз аниқлаб, солиқ интизомини яхшилашга хизмат қилмоқда. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, айрим корхоналар сохта ЭҲФлар орқали катта миқдордаги операцияларни расмийлаштирган. Масалан, чорвачилик хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтган «Альфа» МЧЖ 896 миллиард сўмлик қора металлни 96 миллиард сўм ҚҚС билан сотган ҳолда кўрсатган. Шунингдек, «Омега» ва «Graf» каби корхоналар қисқа вақт ичида миллиардлаб сўмлик сохта ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган.

Июл–сентябр ойларидаги таҳлиллар 27 та солиқ тўловчи ўз иқтисодий ҳолатига мос келмайдиган операциялар амалга оширганини кўрсатди. Умуман, 281 та корхона 5,9 трлн сўмлик ЭҲФ расмийлаштирган, шундан 706 млрд сўм ҚҚС ҳисобланган.

Солиқ қўмитаси бу тизим орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш, виждонли тадбиркорларни ҳимоя қилиш ва солиқ маъмуриятчилигини шаффоф қилишни кўзламоқда. Шу боис, тадбиркорларга ҳамкор танлашда солиқ рискларига жиддий эътибор қаратиш тавсия этилмоқда.