Ўзбекистонда мусиқа терапия соҳасини тизимли ривожлантириш мақсадида янги жамоат ташкилоти — «Ўзбекистон мусиқа терапия ассотсиасияси» ташкил этилади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги маълум қилди.
Ташаббус Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон миллий мусиқа санъати институти (ЎзММСИ) томонидан илгари сурилган. Ассотсиасияни тузиш масаласи институт раҳбари вазифасини бажарувчи Элдор Шерманов ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассотсиасияси раиси Камолиддин Ишанхўжаев иштирокидаги учрашувда муҳокама қилинган.
Учрашувда мусиқа терапиясининг ижтимоий ва маданий аҳамияти, уни амалиётда қўллаш механизмлари, шунингдек, нодавлат сектор билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилиб, мутахассислар бу йўналиш соғломлаштириш ва реабилитация жараёнларида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлаган эдилар.
ЎзММСИда «Ўзбекистонда мусиқа терапияси соҳасини ривожлантириш ва унинг замонавий тиббиётдаги ўрни» мавзусида ўтказилган илмий-амалий семинарда янги ассотсиасия ташкил этилгани расман эълон қилинди.
Семинарда ташкилотнинг устави, бошқарув тузилмаси ҳамда назорат-тафтиш комиссиялари тасдиқланди. Янги бирлашма мусиқа терапияси бўйича фаолият юритувчи мутахассисларни бирлаштириш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришни мақсад қилади.
Ассотсиасия фаолияти орқали мусиқа терапиясини таълим, тиббиёт ва маданият соҳалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка айлантириш, уни аҳоли саломатлигига ижобий таъсир этувчи йўналиш сифатида ривожлантириш кўзда тутилган.