Ўзбекистоннинг «махфий буйруғи» Қозоғистон цементи импортини тўхтатдими?

09:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон цемент ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон ҳукуматининг гўё «махфий буйруғи» ортидан экспорт кескин тўхтаганини даъво қилмоқда. Уларга кўра, ҳужжат цемент нархини сунъий ошириш ва бозорни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фойдасига чеклашга қаратилган.

Sement

Қозоғистон цемент ва бетон ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси («QazCem») раҳбари Ербол Ақинбоев Forbes Kazakhstan нашрига берган интервюсида таъкидлашича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси жорий йил июл ойида махфий ҳужжат қабул қилгани ҳақида маълумотлар бор. Унга кўра, ҳужжат Қозоғистондан келаётган цементнинг ҳар тоннаси учун камида 300 долларлик декларация талаб қилади.

Ақинбоевнинг сўзларига кўра, бу ҳолат ортидан Қозоғистон цементини Ўзбекистонга етказиб бериш амалиёти деярли тўхтаган.

«Биз цементни бор-йўғи 30 доллардан етказиб берамиз. Аммо янги талабга кўра, 300 доллардан кам бўлмаган нарх билан декларация қилиш шарт қилинаётгани экспортни камайтирди», — деди у.

Ақинбоевнинг таъкидлашича, натижада 2025 йил август ойида Ўзбекистонга Қозоғистон цементи импорти сўнгги етти йилда илк бор нол даражага тушган. «Бу нархда ҳеч ким цемент сотиб олмайди. Агар Ўзбекистон шундай сиёсатни олиб бораётган бўлса, Қозоғистон ҳам жавоб чоралари кўришга ҳақли», — дея қўшимча қилди QazCem раҳбари.

Ақинбоевга кўра, мазкур буйруқ расман эълон қилинмаган, аммо у Ўзбекистон чегарасидаги бир божхона ходими кўрсатган суратга таянмоқда. Шунингдек, у бу масала ҳозирда Қозоғистоннинг тегишли идоралари билан муҳокама этилаётганини маълум қилди.

QazCem фикрича, Ўзбекистон цемент бозорида ички ишлаб чиқариш сўнгги йилларда кескин ўсгани боис ҳукумат маҳаллий корхоналарни ҳимоя қилиш мақсадида турли маъмурий чораларни жорий қилмоқда. Бу эса икки давлат ўртасидаги цемент савдосида янги зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин.