Ижтимоий тармоқларда тарқалган Кўкдала тумани 17-мактаб директорининг ишга қабул қилиш эвазига ўқитувчи аёлга жинсий алоқа таклиф қилаётгани ҳақидаги аудио ёзувлар жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ҳолат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилган ва бошқарма бошлиғининг 2025 йил 16 октябрдаги 844-К-сонли буйруғи билан мактаб директори лавозимидан озод этилган.
Баёнотда таъкидланишича, бошқарма педагог обрўси ва таълим тизимининг нуфузига доғ туширувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатни кескин қоралайди. Шу боис бу каби ҳолатларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилиши билдирилган.
Жамоатчилик фикрича, таълим тизимида ахлоқий меъёрлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш зарур. Соҳа вакиллари педагогларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасида таъминланиши лозимлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу илк ҳолат эмас — аввалроқ Макттабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги масъул шахс ҳам аёлларга жинсий алоқа эвазига раҳбар лавозим таклиф қилгани маълум бўлган эди. Бу каби ҳолатлар таълим соҳасида катта ахлоқий муаммоларни кўрсатмоқда.