2025 йилнинг 16–17 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси бўлиб ўтмоқда. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган.
Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган табрик сўзи ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбари ўз мурожаатида мазкур анжуман терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик учун муҳим платформага айланганини қайд этди.
Президент минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётган омиллар — Афғонистондаги беқарорлик, халқаро террорчи гуруҳлар фаоллиги ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, трансчегаравий уюшган жиноятчиликнинг олдини олишда маълумот алмашиш ва ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев кибержиноятчилик ва сунъий интеллектдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш хавфи ортиб бораётганини қайд этар экан, бу соҳада ҳам қўшма чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, ахборот хавфсизлиги ҳозирги замоннинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Президент глобал хавфсизлик бўйича ҳам фикр билдирди. У Яқин Шарқ ва минтақа атрофидаги зиддиятлар иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганини, шунингдек, энергия нархлари ва транспорт лойиҳаларига боғлиқ муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан давлат раҳбари МДҲга аъзо мамлакатлар махсус хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, барқарор иқтисодий ва энергетик ривожланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини билдирди.