Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида барпо этиладиган янги халқаро аэропорт қурилишига старт берди. Маросимда давлат раҳбари лойиҳа аҳамияти ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонни яқин йилларда минтақанинг йирик авиация марказига айлантириш режасига тўхталди.
Унинг таъкидлашича, келаси беш йил ичида мамлакат авиапарки 180 та самолётгача кенгаяди, рейслар сони йилига 200 мингтага етади, йўналишлар эса 230 тагача кўпаяди. Бундай суръатдаги ўсиш аэропорт инфратузилмасини давлат-хусусий шериклик асосида янгилашни тақозо этади.
«Бизнинг мақсад — Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йирик авиация ҳабига айлантириш», — деди Президент.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, сўнгги саккиз йилда Тошкент аэропортида йўловчилар сони уч баробар ортиб, 9 миллион нафарга етган. 2040 йилга бориб бу кўрсаткич 24 миллионга етиши кутилмоқда. Амалдаги аэропортнинг имкониятлари чеклангани сабаб, янги мажмуа Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1300 гектар майдонда қурилади.
Лойиҳа Vision Invest (Саудия Арабистони), Sojitz (Япония) ва Incheon (Жанубий Корея) компанияларидан иборат халқаро консорциум иштирокида амалга оширилади. Биринчи босқичда қиймати 2,5 млрд бўлган аэровокзал ва аэродром қурилади. Янги аэропорт йилига 20 млн йўловчи ва 129 минг тонна юкни қайта ишлашга, соатига 30 та парвозни таъминлашга қодир бўлади.
Комплекс халқаро фуқаролик авиацияси стандартларига тўлиқ жавоб беради. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш имконини берувчи замонавий аэронавигация тизимлари ўрнатилади. Лойиҳанинг муҳим жиҳати — унинг экологик барқарорлиги: бу Марказий Осиёдаги илк «яшил» стандартли аэропорт бўлади. Терминалдаги Duty Free зонаси 46 минг квадрат метрни ташкил этади.
Янги аэропорт Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Андижон ва Тошкент–Бўстонлиқ тезкор автомагистраллари билан боғланадиган мултимодал транспорт марказига айланади. Шу ерда замонавий темир йўл станцияси ва Тошкент—Янги Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи шаттл-қатновлар ташкил этилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа мамлакат иқтисодиётига 27 млрддан ортиқ даромад келтиради, минглаб янги иш ўринлари яратади ва хизмат кўрсатиш ҳамда туризм соҳалари ривожига туртки бўлади. Президент хорижий ҳамкорлар ва молиявий институтларга миннатдорлик билдириб, аэропорт пойдеворига рамзий капсула қўйди.