Соғлиқни сақлаш вазири аёлларни ҳомиладорлик оралиқларини сақлашга чақирди

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 15–17 ёшли қизлар ўртасида 155 та эрта никоҳ ҳолати аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров айтишича, баъзи аёллар бир йилда икки марта ҳомиладор бўлаётгани болалар соғлигига жиддий хавф туғдирмоқда.

Xomiladorlik

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида мамлакатда йил бошидан буён 15–17 ёшли қизлар ўртасида 155 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу масала Президент иштирокида 14 октябр куни маҳаллаларни ривожлантиришга бағишланган йиғилишда муҳокама қилинган.

Вазир таъкидлашича, давлат раҳбари ёшлар орасида, айниқса қизлар ўртасида эрта турмуш қуриш ҳолатларига танқидий баҳо берган. Шу билан бирга, мамлакатда ҳануз қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш ҳолатлари учраётгани қайд этилди.

«Замонавий тиббиёт исботладики, эрта ёки қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ногиронлик билан туғиладиган болалар эҳтимолини анча оширади», — деди Асилбек Худаяров.

Унинг таъкидлашича, йиғилишда аёлларнинг бир календар йили ичида икки марта ҳомиладор бўлаётгани ҳақида ҳам сўз борди. Бундай ҳолатлар соғлом эмас, заиф болалар туғилишига сабаб бўлаётгани айтилди.

Президент соғлом авлодни таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, маҳалла ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда диний ва маҳаллий раҳбарлар бу йўналишда масъулиятни янада кучайтиришлари лозимлигини таъкидлади.

Худаяров бу йўналишда кенг кўламли ахборот-тарғибот ишлари олиб борилишини билдирди. «Агар шундай ҳолатлар такрорланса, улар маҳалла даражасида муҳокама қилиниб, олдини олиш чоралари кўрилади», — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Президент сўнгги йиғилишда ажримларни камайтириш мақсадида никоҳ шартномаларини тарғиб қилиш муҳимлигини қайд этди. Бу йил мамлакатда тахминан 32 минг оила ажрашган, 16 минг ота-оналар эса алимент тўлашдан бўйин товлаган.