Тожикистон ҳукумати алоқа хизмати америкалик тадбиркор Илон Маскнинг SpaceX корпорациясининг шўба корхонаси Starlink Тожикистон билан лицензия шартномасини имзолади. Бу ҳақда Asia-Plus хабар бермоқда.
Битим Dushanbe Invest-2025 халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган. Ҳужжат мамлакатга глобал Starlink сунъий йўлдош интернет тармоғига кириш имконини беради.
Нашрнинг ёзишича, 14 октабр куни бошланган форумнинг биринчи кунида Алоқа хизмати халқаро ва минтақавий компаниялар билан саккизта ҳамкорлик шартномаси имзолаган. Булар рақамли иқтисодиёт, интернет инфратузилмаси ва 5 G технологияларини ривожлантиришга тегишли. Тожикистон вакиллари Starlink билан тузилган шартномани «калит» деб аташган.
Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, форум бошланишида умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 26 та шартнома имзоланган. Энг катта сармоя – 2,5 миллиард доллар энергетика соҳасига йўналтирилди.
Саноат соҳасида 386 миллион долларлик 9 та шартнома имзоланди. Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида 334 миллион долларлик саккизта шартнома имзоланди. Тахминан 9 миллион долларлик яна тўртта шартнома давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига тегишли.
Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги халқаро компаниялар билан учта баённома ва иккита меморандум имзолади. Бу келишувлар қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, шунингдек, энергетика бўйича мутахассислар тайёрлаш бўйича таълим дастурларини амалга оширишга тегишли.
Инвестициялар қўмитаси барча келишувлар иқтисодиётнинг устувор тармоқларини ривожлантириш ва инновацияларни, жумладан, сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилганини таъкидлади.
Starlink тармоғи Илон Маскнинг SpaceX корпорацияси лойиҳасидир. У SpaceX ракеталари орқали орбитага чиқарилган сунъий йўлдошлар орқали деярли бутун дунёни қамраб олган юқори тезликдаги кенг полосали интернетни таъминлайди.