Ягона намунадаги электрон гувоҳнома намунаси тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига кўра, ҳайдовчилик курсларини тугатиб, имтиҳонларни муваффақиятли топширган номзодларга энди ягона намунадаги электрон гувоҳнома берилади. Ушбу гувоҳнома “e-avtota’lim.uz” ахборот тизими орқали автоматик равишда шакллантирилади ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотлар базаси билан интеграцияда ишлайди.
Электрон гувоҳнома автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёнида тадбиркорлик субъектларига реал вақт режимида тақдим этилади. Энг муҳими, бу гувоҳнома учун ҳеч қандай йиғим ундирилмайди.
Ўзбекистон Жаҳон банкидан 800 млн доллар кредит олади
Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Маблағлар узоқ муддатли, паст фоизли шартларда тақдим этилиб, ижтимоий ҳимоя, аёллар учун тенг имкониятлар, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва қайта тикланадиган энергияни ривожлантиришга йўналтирилади.
Лойиҳа доирасида кам таъминланган оилаларга ёрдам миқдори оширилади, аёллар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунлар кучайтирилади, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва ЖСТга аъзо бўлиш жараёнлари жадаллаштирилади. Бу кредит орқали ҳукумат устувор ижтимоий-иқтисодий вазифаларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Қумқўрғон ҳокими одамларни пахта териб, қишга таппи-тезак ғамлашга чақирди
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов ҳозир Ўзбекистонда одамлар тезак қилмай қўйгани, ҳамма «газ-газ» деб қолганини айтиб, одамларни пахта теришга, таппи қилишга даъват этиш кераклигини айтди. У бу ҳақда маҳаллий кенгаш сессиясидаги нутқида сўз очди.
«Мана оддий бир тезак. Ҳеч ким тезак қилмайди. Тезак қилиб, уйларда чалмаларни босиб қўйиб, қишда қор ёғганда иккита ташлаб қўйиб ўтирган-ку шу нарсани. Нима энди фақат газ, газ деб қолдик? Газни ҳам тўғри тушунинг, сизлар мана шу туманнинг олий органи бўлганларингиз учун айтяпман, газнинг таги бўлса қани, таги йўқ-да, шу», — деди Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов.
Шунингдек, ҳоким пахта терими мавсумида одамлар пахта териб, оилавий даромад топиб, турмуш шароитини яхшилаш имконига эга эканини таъкидлади.
«Масалан, ҳозир мана пахта йиғим-терими бўляпти. [Авваллари] уч кун пахта териб, бир халта уннинг пулини ишлаган. Уч кун, тўрт кун пахта териб, бир халта ун [олишган]. Қаранг, ҳозирги замонни, бугун 100 кило пахта терса, унинг пули 100 минг, 200 минг сўм бўлади. Бир кунда бир халта ун. Бир киши ўн кун терса, агар оиласи билан терса, бир кунда беш-олти халта унни ишлайди», — дея одамларни пахта теришга ундади Қумқўрғон ҳокими.
Саида Мирзиёева Британияга тўнғич фарзандини ҳам олиб борди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Президент администрациясининг раҳбари Саида Мирзиёеванинг Буюк Британияга қилган расмий сафарида унга ўғли Миромон ҳамроҳлик қилмоқда. Бу Саида Мирзиёеванинг Оксфорд университетига қилган ташрифидан улашган суратларида акс этган.
Президент администрациясининг раҳбарининг таъкидлашича, Оксфорд университетининг «Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари» факултетида эндиликда ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади.
«Университетдан Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида мукофот қабул қилганимдан хурсандман», – дея ёзган у.
Ўзбекистонда беш давлат иштирокида «Бирлик – 2025» йирик ҳарбий ўқув машғулоти бошланди
14 октябр куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан «Каттақўрғон» полигонида «Бирлик – 2025» деб номланган минтақавий биргаликдаги ҳарбий ўқув машғулотларига старт берилди. Бу — Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон иштирокидаги энг йирик ҳамкорлик ўқувларидан бири ҳисобланади.
Ўқувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбойжон мудофаа вазирликлари бўлинмалари қатнашмоқда. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, машғулотнинг асосий мақсади мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий хавф-хатарларга жавоб бериш салоҳиятини оширишдир.
Таъкидланишича, машғулотлар давомида иштирокчилар замонавий жанговар тажрибага асосланган ҳолда қўшма операциялар ўтказишни ўрганади. Улар артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника ва бошқа қурол турларидан фойдаланиб, узоқ масофадаги нишонларни аниқ йўқ қилиш амалиётини синаб кўради. Бу орқали иштирокчи армиялар тактик ҳамкорлик ва жанг майдонидаги мувофиқликни такомиллаштиради.