Тенденция: Сунъий интеллект инсонларни дангасароқ қилмоқда

14:30 | 8 дақиқада ўқилади.

Ақлий вазифаларда инсонлар нейротармоқ ёрдамига қанчалик кўп таянса, мия шунчалик дангасалашади.

Ai kids

Microsoft ва Карнеги-Меллон университети ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқотга кўра, ақлий фаолият билан шуғулланувчилар нейротармоқлардан кўпроқ фойдалангани сари уларда танқидий фикрлаш даражаси тушиб боради. Самарадорлик ва тезкорликни ошса ҳамки, инсонлар дангасалашиб бормоқда.

ChatGPT, Grok, DeepDeek ва ҳоказоларга қадар ҳам инсоният интернетдан фойдаланаётганди, саволларига Google’дан жавоб излаётганди, деган фикр туғилади. Бироқ қидирув тизимидан ва нейротармоқдан фойдаланиш ўртасида катта фарқ бор.

Гап шундаки, Google каби қидрув тизимлари калит сўзлар асосида ишлайди, сўров мазмунидан келиб чиқиб турли манбалар, хилма-хил нуқтайи назарлар ва ёндашувларни саралаб беради. Фойдаланувчи уларни кўриб чиқиб, ўзаро солиштириши мумкин. Нейротармоқда эса сўров (промт)нинг қандай нуқтайи назардан берилаётгани муҳим, у фойдаланувчига мослашади, персонал тартибда ишлайди, унинг шахсий позициясига асосланади ва шу позицияни тасдиқлашга қаратилган бўлади. Шунингдек, нейротармоқ ўз жавобини одатда «фикрингиз тўғри», «яхши савол» каби ижобий тасдиқлар билан бошлаши ҳам фойдаланувчининг ўз нуқтайи назари тўғрилигига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Буни Массачусетс технологиялар институтининг медиа лабораторияси олимлари ўтказган тажриба тасдиқлайди: 54 нафар иштирокчи уч гуруҳга ажратилиб, SAT имтиҳони учун эссе ёзиш топширилган. Биринчи гуруҳ нейротармоқдан, иккинчи гуруҳ Google’дан фойдаланишига рухсат берилган, учинчи гуруҳ эса ҳеч қандай ташқи ёрдамчилардан фойдаланмаган.  Имтиҳон чоғида иштирокчиларнинг миясидаги жараёнлар ЭЭГ текширувидан ўтказилганида нейротармоқдан фойдаланган гуруҳда нейрон, хулқий ва лингвистик жиҳатдан энг суст фаоллик кузатилган.

Қайд этиш лозимки, бу қидирув тизимларининг нейротармоқларда мутлақ устунлигини билдирмайди. Масалан, 2024 йилдан бошлаб Google AI Overview — сунъий интеллект асосидаги умумий хулоса функциясини йўлга қўйди. Мазкур функция сўров учун энг қисқа, лўнда жавобни тайёрлаб берса-да, муҳим тафсилотларни назардан қочиради ва оқибатда янглиш хулосаларга ундайди. 81 фоиз ҳолатда фойдаланувчилар маълумот излашда AI Overview жавоблари билан кифояланиб қолишади.

Нейротармоқлар кишиларни ўта қисқа жавобларга одатлантираётгани, дангасароқ қилаётганидан ташқари нотўғри маълумотларга ишонишга, танқидий мулоҳазани чеклаб, тор фикрлашга ҳам сабаб бўлмоқда.

Метатаҳлилларга кўра, сунъий интеллект моделларида нохолис маълумот бериш эҳтимоли 83,1 фоизга тенг. Яъни у фойдаланувчи учун керакли йўналишдаги, моҳиятан у истаган жавобни топиб беради, фикрининг тўғрилигига ишонтиради, оқибатда қарама-қарши нуқтайи назарларни ўрганишга рағбатни сусайтиради.

Шунингдек, СИ инструментлари тўртдан бир ҳолатда хатога йўл қўйиши ҳам мумкин. Бу хавотирли даражада юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ҳатто тармоқ ўзи берган жавобларнинг остида масалан, «ChatGPT хатога йўл қўйиши мумкин, маълумотларни текширинг» эслатмаси ҳам мустақил суриштирув учун туртки бўла олмайди.

Сунъий интеллектнинг кундалик ҳаётдан кенг ўрин олаётгани билан боғлиқ яна бир хавотирли жиҳат таълимда намоён бўлмоқда. Хусусан, Антиплагиат тизимида 7 млнта илмий иш таҳлил қилинганда уларнинг тўртдан бир қисми сунъий идрок орқали ёзилгани аниқланди, ваҳоланки, ўтган йили бу кўрсаткич 18 фоиздан ошмаган. Олий таълим муассасалари талабаларининг 87 фоизи, мактаб ўқувчиларининг эса 62 фоизи таълимдаги вазифаларни бажаришда сунъий интеллектга таянади.

Таҳлилга кўра, олий ўқув муассасалари талабалари сунъий идрок моделларидан фойдаланишда ҳар минг ҳолатнинг:

  • 48 фоизида уй топшириқларини бажаришда фойдаланган;
  • 53 фоизида муайян услубга мослаб эссе ёзиб беришини;
  • 22 фоизида эса вазифа учун режа тузиб беришни сўраган.

Аҳамиятлиси, нейротармоқлар машинавий ўрганишга асосланганини ҳисобга олсак, унга тобора хилма-хил саволлар берилгани, турли кейслар киритилгани сари такомиллашиб боради, маълумотлар базаси кенгаяди, кейинги гал янада пухтароқ жавоблар бериш имконияти ортади; жавоблар сифати ошгани сари изланиш учун янада камроқ ресурс сарфланади.

Сунъий интеллект модели яратувчилари эса бу имкониятдан унумли фойдаланишади. Мисол учун, жорий йил май ойида, айни якуний имтиҳонлар палласида OpenAI, Google, Anthropis ўзларининг энг қудратли СИ моделларини Канада ва АҚШ талабалари учун очиқ қилиб қўйишган эди

Яна бир қизиқ ҳолат: сунъий интеллект моделлари табиий ва аниқ фанларга нисбатан ҳуманитар ва ижтимоий фанларда кўпроқ фойдаланилар экан.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.