АҚШ ва Россия яна бир юқори даражадаги музокарага тайёрланмоқда. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди. Президент Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзганида, у Россия президенти Владимир Путин билан Будапештда учрашишини тасдиқлади.
«Президент Путин ва мен келишилган жой — Венгриянинг Будапешт шаҳрида учрашамиз. У ерда биз Россия ва Украина ўртасидаги «шарафсиз» урушни тугатиш имконини кўрамиз», — деб ёзди Трамп Путин билан телефон орқали суҳбатдан сўнг.
АҚШ президенти таъкидлашича, келгуси саммитда Америка делегациясига давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилади. Унга «бошқа тайинланадиган шахслар ҳам» ҳамроҳлик қилади.
Трамп ва Путин охирги бор 15 август куни Алсяка шататиннг Анкориж шаҳридаги ҳарбий базада учрашган эди. Ўшанда музокаралар марказида ҳам Украинадаги ҳарбий можаро турган.
Оқ уйнинг маълум қилишича, эртага Трамп Украина президенти Володимир Зеленский билан ҳам учрашади. Суҳбат чоғида Путин билан бўлган мулоқот натижалари ва Украинага қурол етказиб бериш масалалари муҳокама қилинади. Трампнинг таъкидлашича, Зеленский асосан Tomahawk қанотли ракеталарни олиш бўйича келишувга эришмоқчи.
Шу билан бирга, Axios нашри манбага таяниб ёзишича, Москва ва Вашингтон раҳбарлари Будапештдаги учрашув олдидан Украина можаросини муҳокама қилишни режалаштирган. Ушбу саммит икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлаб бериши мумкин.