2026 йилда маҳаллаларни ободонлаштириш учун 1 триллион сўм ажратилади

17.10.2025 12:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш бўйича режалар билан танишди. Учрашувда саноат, транспорт ва шаҳар инфратузилмасини янгилаш бўйича йирик лойиҳалар муҳокама қилинди.

Mahalla

Президент Шавкат Мирзиёевга пойтахтни комплекс ривожлантириш, саноат ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш масалалари юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда «Янги авлод» махсус саноат зонасини ривожлантириш режалари кўриб чиқилди. Ушбу ҳудуд 774 гектар майдонни эгаллаб, ҳозиргача 268 гектарда 28 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 800 миллион долларга тенг. Шу билан бирга, яна 300 гектар ерда жойлашадиган 30 та янги лойиҳа учун инвесторлар аниқланган бўлиб, инвестициялар ҳажми 400 миллион долларни ташкил этади.

Президент саноат зонасини кенгайтириш орқали иш ўринларини кўпайтириш, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан 288 миллион долларлик мультимодал логистика терминали қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа Дубайнинг «DP World» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Терминал фаолият бошлаши билан пойтахт ва Тошкент вилоятининг экспорт-импорт салоҳияти сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, пойтахт йўл-транспорт тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Шота Руставели кўчасида жорий этилган BRT тизими самарасидан келиб чиқиб, яна 10 та кўчада шундай қурилиш ишлари бошланиши белгиланди. Бу ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт оқимини тартибга солишга хизмат қилади.

Шаҳар қиёфасини ягона дизайн-код асосида такомиллаштириш, маҳаллаларни ободонлаштириш, гастрономик кўчалар қуриш ва суғориш тизимларини янгилаш учун келгуси йил маҳаллий бюджетдан 1 триллион сўм ажратилади.

Президент Мирзиёев пойтахтдаги янгиланишлар фуқаролар учун қулай ва замонавий муҳит яратиш, иқтисодий фаоллик ҳамда тадбиркорлик салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, Бухоро шаҳрида сайёҳларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича режалар ҳам муҳокама қилинди.