Марғилонда Nexia ҳайдовчиси уч нафар ўқувчини уриб юборди
16 октябр куни Марғилон шаҳридаги Марғилоний кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Соат тахминан 12:30 да Nexia 1 автомобили ҳайдовчиси (1998 йил туғилган) йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларни уриб юборган. Бу ҳақда Фарғона вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумот берди.
Ҳодиса 33-сонли умумтаълим мактаби олдидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Nexia ҳайдовчиси тезликни пасайтирмаган ва йўлдаги болаларни кеч пайқаган.
Оқибатида уч нафар ўқувчи турли даражада жароҳат олган. Улардан бири шифохонага ётқизилган бўлиб, ҳолати ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Қолган икки нафарига жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодисадан сўнг ҳайдовчи тўхтаб, болаларга ёрдам кўрсатгани маълум қилинди. Терговга қадар текширув ишлари бошланган бўлиб, ЙТҲнинг аниқ сабаблари ўрганилмоқда.
Ўзбекистонда ҳафтанинг охирида ҳарорат совиши кутилмоқда
Ўзгидромет маълумотларига кўра, жума куни мамлакат бўйлаб илиқ ва қуруқ ҳаво сақланади — кундузги ҳарорат +23…+28 даража, шимолий ҳудудларда +20…+25 даража бўлади. Аммо 18 октябрдан бошлаб салқин ҳаво оқими кириб келиши натижасида ҳарорат аста-секин пасайиб, ҳафтанинг охирига келиб +18…+23 даража, шимолда эса +13…+18 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Тунги ҳарорат +6…+11 даражагача, шимолда эса +3…+8 даражагача тушиши мумкин. Ҳафта охирида асосан қуруқ ҳаво сақланади, фақат Бухоро ва Навоий вилоятларида қисқа муддатли ёмғир эҳтимоли бор. 19 октябрда тоғли ҳудудларда ёмғир ёғиши, баланд тоғ жойларида эса қорга айланиши мумкин.
Наманганда 7 ёшли қизча жинсий зўравонликка учради
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 7 ёшли қизалоқ ўз қариндоши томонидан зўрланди. Маълум бўлишича, 1987 йилда туғилган Б.С. 2025 йил 14 октябр куни тоғаси Ж.М.нинг уйида бўлиб ўтган тўй маросимида қатнашган. У тўйда тоғасининг 2018 йилда туғилган невараси И.К.ни алдаб, ёлғиз четга олиб чиқиб, номусига теккан ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Қизалоқ оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Эътиборлиси, жиноятчи икки кун давомида қочиб юрган, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни қидирув орқали топиб, қўлга олган. Янгиқўрғон туман суди 16 октябр куни унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини белгилади.
Анжелина Жолидан тортиб Дензел Вашингтонгача: Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаларига кимларни таклиф қилмоқчи?
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг тарихий шахслари ҳақида халқаро видеолойиҳалар тайёрламоқда. Марказ «Euronews», «BBC» ва «CNN» телеканалларида юз нафар буюк ўзбек алломаси ҳақидаги фильмларни намойиш этишни режалаштирган бўлиб, уларда Морган Фриман, Дензел Вашингтон, Мел Гибсон, Анжелина Жоли ва Бурак Озчивит каби юлдузлар ҳикоячи сифатида иштирок этиши мумкин.
Икки карра «Оскар» совриндори Бен Кингсли аллақачон лойиҳалардан бирига жалб этилган ва Ислом цивилизацияси марказига бағишланган махсус видеофилмда қатнашмоқда. Марказ шунингдек, Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда 150 дан ортиқ қисқа филм тайёрлаб, уларни экспозицияларида намойиш этишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон президенти Брюсселга боради
Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 24 октябр куни Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини (КШБ) имзолаш учун Брюсселга ташриф буюради.
Мазкур битим сиёсий, савдо ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб, муносабатларни мустаҳкамлайди ҳамда ислоҳотлар ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Ушбу кенг қамровли битим сиёсий мулоқот, савдо, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш каби бешта стратегик йўналиш бўйича келгусидаги ҳамкорликни белгилаб беради.