Тошкентда жойлашган Ислом цивилизацияси марказида кенгайтирилган илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда марказ фаолиятини ривожлантириш, экспозициялар мазмунини бойитиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Марказ матбуот хизмати хабарига кўра, яқин вақтларда «Euronews», «BBC» ва «CNN» телеканалларида юз нафар буюк ўзбек алломаси ҳақида видеолойиҳалар намойиш этилади. Бу лойиҳалар орқали Ўзбекистон тарихидаги улуғ шахслар, кашфиётлар ва илмий ютуқлар ҳақида жаҳон жамоатчилигига маълумот бериш режалаштирилган.
Марказ раҳбарияти ушбу видеолойиҳаларга Морган Фриман, Дензел Вашингтон, Мел Гибсон, Анжелина Жоли ва Бурак Озчивит каби дунё юлдузларини ҳикоячи сифатида жалб этишни режалаштирмоқда. Шундай лойиҳалардан бирига икки карра «Оскар» совриндори Бен Кингсли аллақачон таклиф қилинган. У Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги махсус видеолойиҳада ҳикоячи сифатида қатнашмоқда.
Кингсли ўз ижоди давомида «Ганди», «Шиндлер рўйхати», «Табиб. Ибн Синонинг шогирди» ва «Форс шаҳзодаси» каби машҳур фильмлардаги роллари орқали жаҳон киноманларига танилган. Айниқса, у ижро этган Ибн Сино образи бутун дунёда катта таассурот қолдирган.
Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда 150 дан ортиқ қисқа метражли фильм ва видеороликларни тайёрламоқда. Ушбу материаллар марказ экспозицияларида намойиш этилади. Илмий кенгаш ҳар бир видеомаҳсулотнинг мазмун ва сифатини кўриб чиқиш орқали унинг илмий ва маърифий аҳамиятини таъминлайди.