Brent навли нефт нархи беш ой ичида илк бор 61 доллардан пастлади

17.10.2025 08:38 | 3 дақиқада ўқилади.

Лондон биржасида Brent нефт фючерслари 1,54 фоизга арзонлаб, баррели учун 60,96 доллар даражасига тушди. Бу кўрсаткич сўнгги бор 7 май куни қайд этилган эди.

Brent barrel

Халқаро нефт бозорида нархлар кескин пасайди. Brent маркасининг декабр ойига мўлжалланган фьючерслари ICE Futures биржасида 1,54 фоизга арзонлаб, баррели учун 60,96 доллар бўлди. Бу сўнгги беш ойда илк марта 61 доллар чегарасидан паст савдо даражаси ҳисобланади.

Экспертлар нархлар пасайишини бир нечта омил билан изоҳламоқда.

Биринчидан, Россия ва АҚШ президентлари — Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасида Украина можаросини муҳокама қилиш бўйича телефон суҳбати ва Будапештда янги учрашув ҳақидаги хабарлар бозордаги ноаниқликни кучайтирди. Музокаралардан олдин президент маслаҳатчилари учрашуви бўлиб ўтади, унга АҚШ делегациясига давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилади.

Иккинчидан, АҚШ Энергетика маълумотлари бошқармаси (EIA) маълумотларига кўра, мамлакатдаги нефт захиралари 10 октябргача бўлган ҳафтада 3,524 млн баррелга ошган. Бу маълумот бозорда талаб сустлашиши ва эҳтимолий ортиқча таклиф ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.

Шу билан бирга, Trading Economics ёзишича, Ҳиндистоннинг Россия нефт харидлари бўйича иккиланувчи сиёсатидан келиб чиққан ноаниқлик ҳам нархларни пасайтирувчи омиллардан бири бўлди. Шу сабабли Brent нефт нархи май ойидан бери кузатилмаган даражага —61 доллардан пастга тушди.

Бозор таҳлилчилари фикрича, нефт бозоридаги тушиш тенденцияси геосиёсий жараёнлар, АҚШ–Хитой савдо тортишуви ва талаб пасайиши билан боғлиқ ҳолда яқин ҳафталарда ҳам давом этиши мумкин.