Бугун Президент касаба уюшмалари вакиллари билан учрашув ўтказди

15:35 | 5 дақиқада ўқилади.

Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари вакиллари билан учрашувда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, энг кам иш ҳақини белгилашда уч томонлама ҳамкорлик тизимини жорий этиш ҳамда аёллар бандлигини ошириш ва ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилишга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Photo 2025 10 17 15 34 50

17 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда Президент меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини белгилашда уч томонлама ҳамкорлик тизимини жорий этиш ҳамда касаба уюшмалари ролини кучайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Шунингдек, хотин-қизлар бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий суғуртани ислоҳ қилиш вазифалари белгиланди.

Меҳнат ҳақини белгилашда янги ёндашув

Давлатимиз раҳбари меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини белгилаш эндиликда фақат давлат идоралари эмас, балки Касаба уюшмалари федерацияси ва Иш берувчилар конфедерацияси иштирокида ишлаб чиқилишини таклиф этди. Бу ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадам бўлади.

Масофадан ишлаш ва янги касблар

Президент таъкидлаганидек, рақамли иқтисодиёт шароитида 6 миллионга яқин фуқаро ўзини ўзи банд қилиб рўзғор тебратмоқда. Платформали бандлик, фриланс ва уй шароитида ишлаш каби янги меҳнат турлари кенг ривожланмоқда. Эндиликда касаба уюшмалари бу тоифадаги фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этади.

Хотин-қизлар учун янги имкониятлар

«Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида» тизими орқали хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, тенг имкониятлар яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Президент аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш, зўравонликдан жабрланган фуқароларга ёрдам беришни кенгайтиришни вазифа қилиб қўйди.

Меҳнат муҳофазаси ва суғурта тизими

Сўнгги беш йилда касаба уюшмалари 152 минг қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган. Президент бахтсиз ҳодисалар ҳисобини рақамлаштириш, меҳнат муҳитини хавфсиз қилиш ва «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонунни тезлаштиришни топширди.

«Муносиб меҳнат» дастури ва янги имкониятлар

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2030 йилгача мўлжалланган «Муносиб меҳнат» дастури ишлаб чиқилмоқда. Унинг мақсади — инсон қадрини ошириш, хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш ва ижтимоий адолатни таъминлашдир.

120 йиллик юбилей ва янги анъаналар

Бу йил Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги нишонланмоқда. Президент ҳар бир ҳудудда «Касаба уюшмалари боғлари»ни барпо этишни таклиф қилди. Шунингдек, ҳокимларга янги санаторий ва болалар оромгоҳлари қуриш дастурини амалга ошириш вазифаси юклатилди.