Фарғоналик мактаб директори «троллар» ҳужумига учраётганини айтмоқда

20:45 | 7 дақиқада ўқилади.

Аёлнинг айтишича, унинг шахсиятини бадном қилишга ҳаракатлар яна кучайган. Унинг бу борадаги шикоятларига эса ҳеч ким қулоқ солмаяпти.

Fargona

Ички ишлар ходимлари томонидан таҳқирланган Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ишлайдиган мактаб директори Гулираъно Қосимова троллар ҳужумидан азият чекмоқда. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, Гулираъно Қосимова унга қўнғироқ қилиб, троллар хуружидан ҳимоя сўраган. Аёлнинг айтишича, унинг шахсиятини бадном қилишга ҳаракатлар яна кучайган. Bу борадаги шикоятларига эса ҳеч ким қулоқ солмаган.

«Ахир, ишимни Сенат назоратга олган эди-ку», — деган аёл йиғлаб.

«Эзгулик» жамияти раисининг таъкидлашича, тролларнинг қаршисида Ўзбекистонда фақатгина президент ва унинг оиласи омонда.

«Унга тасалли берадиган сўз тополмадим, чунки троллар армияси аллақачон мавжуд тизим билан ҳамкор – эҳтимол унинг яширин хоҳиш-иродасини тамсил этувчи тўдадир, чунки уларнинг қаршисида фақатгина Президент ва унинг оиласи ҳимояланган. Кимдир оилани ҳақорат қилса, дарров тутиб қамалади, бошқалар учун бу қонун ишламайди: аризамиз асосида тролларга қарши ИИВнинг Киберхавфсизлик бошқармаси бошлаган суриштирувларнинг тўхтаб қолгани бунга мисолдир. Гулираъно синглим, бардам бўл, тизимнинг ўзи шунақа – ўхшаши йўқ қонунсизлик даврига ўтдик. Троллар тугул ўзини эркакман деб кўкрагига уриб юрган баъзилар ҳам менга қўнғироқ қилиб, сенинг ахлоқинга оид нималарнидир шаъма қилмоқда. Сенинг мисолингда кўз олдимда Ўзбекнинг ҳимояланмаган, мудом маломатга нишон аёли гавдаланади. Овсар оломон, импотент ҳуқуқ ва фақат баёнот беришга қодир сенатдан ортиқ ҳимоя кутма, Аллоҳ ҳабибинг бўлсин!», – дея мурожаатини якунлаган. «Эзгулик» жамияти раиси.

Журналист Илёс Сафаров эса мазкур ҳолат юзасидан Олий Мажлис Сенати томонидан қандай амалий ишлар амалга оширилгани, кимлар билан учрашилгани ва яна нималар қилиниши режалаштирилаётгани билан қизиқмоқда. Унга кўра, мазкур ҳодиса юзасидан Қувада иккита су маҳкамаси ҳам бўлиб ўтган.

«Бугун ижтимоий тармоқларда Фарғонага оид қайси гуруҳ ва каналларга қараманг, Гулираъно Қосимовани қоралаш, уни шантаж ва бузуқликда айблаш ёки аксинча, ИИБни оқлашга қаратилган саноқсиз пост, видеолар кенг тарқатилмоқда. Тушуниладики, суд жараёнлари давомида вазиятни ва умуман оммавий кайфиятни ўзгартириш, ИИБ ходимларини оқлаш учун жиддий, уюшган ҳаракат кетмоқда. Уларни назоратга олиш, тўхтатиш ҳақида эса негадир, ҳеч ким ўйламаяпти. Мана, нега қизиқ Сенат ўз назоратидаги иш бўйича нималар қилаётгани», – дея ёзган Сафаров.

Маълумот учун, иш Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов муқаддам Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. Генерал-майор унвонига эга.

Қосимова иши

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида мактаб директори бўлиб ишлаган Гулираъно Қосимова ўзига нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолатлари содир этилганини даъво қилмоқда. Унинг айтишича, туман ИИБ тезкор ходимлари уни ва солиқ инспектсияси бошлиғини «жиноят саҳнаси» сифатида саҳналаштирилган операцияга жалб этиб, урган, ечинтирган ва ёлғон айбловлар остида босим ўтказган. Аёл уларнинг бу ҳаракатларини рад этгани учун видеога олиниб, кейинроқ таҳдид ва шантажга учраган.

Воқеа юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, аёл иддао қилганидек, унга зўравонлик қилган айрим ходимлар ҳали ҳам лавозимида қолмоқда. Қосимова тергов давомида босим, пора таклифлари ва ўз ҳаётига таҳдидлар ҳақида маълум қилган. Фарғона вилояти прокуратураси маълумотига кўра, собиқ ИИБ бошлиғи ва айрим масъуллар устидан иш судга юборилган.