Ипотека кредитидан фойдаланаётган аёллар сони ортиб бормоқда

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг тўққиз ойида аҳолига 15,07 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилди. Ажратилган ипотеканинг 40 фоизини хотин-қизларга берилган кредитлар ташкил қилди.

Kredit1

Марказий банк томонидан 2025 йилнинг 9 ойи давомида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича маълумот эълон қилинди. Унга кўра, ўтган давр мобайнида аҳолига 15 трлн 67 млрд сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 трлн сўмга ёки 28,4 фоизга кўпдир.

Ипотеканинг энг катта қисмини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шартлари асосидаги кредитлар (7,4 трлн сўм) ташкил қилмоқда. Шунингдек, банклар ўзм маблағлари ҳисобидан 6,1 трлн сўмлик, Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси эса 1,5 трлн сўм миқдорида кредит берган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ипотека кредитлари Тошкент шаҳри, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Эътибор бериш керакки, ипотека кредити олганлар орасида хотин-қизлар улуши ортиб бормоқда. Бу йил 50 минг 100 нафар фуқарога ажратилган ипотека кредитларининг 20 минг 297 нафарини ёки 40 фоизини аёллар ташкил қилган. Ипотека кредитидан фойдаланган хотин-қизлар улуши 2024-йилда 37 фоизни, 2023-йилда 36 фоизни ташкил этган эди.

Ипотека кредитларининг катта қисми (74 фоиз) бирламчи уй-жой бозори учун йўналтирилган.

Шунингдек, ажратилган ипотека кредитларининг ўртача фоиз ставкаси кўтарилган. Янги тартиб доирасидаги ипотека кредитлари ўртача ставкаси сентябрда 17 фоиздан 17,1 фоизга, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратган ипотекалари ставкаси 22,7 фоиздан 22,8 фоизга кўтарилган.