Ўзбекистонда қиш фасли совуқдан кўра кўпроқ ҳадик билан кутиб олинади. Чунки ҳар йили шу даврда яна ўша хабарлар такрорланади — «Самарқандда оила ис газидан заҳарланди», «Қўқонда эр-хотин вафот этди», «Наманганда ис гази сабабли тўрт киши ҳалок бўлди». Гўё ҳар йили бир хил воқеа такрорланади, фақат жой номи ва қурбонлар сони ўзгаради.
Бу фожиалар энди мавсумий муаммо эмас, балки жамиятнинг ҳар йили очиладиган ярасига айланган. Ис гази — кўринмас, ҳидсиз, жим ўлим. У эшик қоқмайди, шовқин қилмайди, лекин сездирмасдан ҳаётга нуқта қўяди.
Ҳар йили мутасаддилар огоҳлантиради, тарғибот ишлари ўтказилади, хавфсизлик қоидалари эслатилади. Аммо бу огоҳлантиришлар кўп ҳолларда қулоққа эмас, қоғозда қолади. Одамлар эса «бир кеча печни ёқиб қўйсам, нима бўларди?» деган ўй билан ўз ҳаётини хавф остига қўяди.
Бироқ уларни фақат беқарволикда айблаш ҳам тўғри эмас. Чунки кўп ҳолларда бу ҳолат муҳтожлик ва мажбурият билан боғлиқ — кимдадир газ босими паст, кимдадир иссиқлик тизими эскирган. Баъзилар учун печни тун бўйи ёқиб қўйиш — совуқдан эмас, ҳаёт шароитида ҳимояланишнинг ягона йўли.
Аянчли хотиралар: статистика ортидаги ҳаётлар
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг пресс-турда тақдим қилган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили ис газидан захарланиш ҳолатлари юқори даражада сақланиб қолмоқда. 2022 йилда бундай ҳодисалар 84 тага етиб, 120 нафардан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган. 2023 йилда 46 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 63 тага чиққан. 2025 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида эса 29 та ҳолатда 141 киши ҳаётдан кўз юмган — бу ўтган йилги кўрсаткичлардан анча юқори.
ФВВ шунингдек, газ-ҳаво аралашмасининг портлаши билан боғлиқ вазиятларни алоҳида қайд этган. 2024 йилда 119 та, 2025 йилнинг тўққиз ойида эса 53 та шундай ҳодиса содир бўлган. Ҳодисалар сони камайган бўлишига қарамай, ҳалок бўлганлар сони ошган — 2024 йилдаги 12 кишидан 2025 йилда 27 кишига етган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаевнинг айтишича, ёнғинлар ва портлашларнинг асосий сабаблари бир хил:
«Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ёнғинларнинг 40,1 фоизи электр жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш, 29,6 фоизи очиқ оловга эҳтиётсизлик билан муносабат, 10,9 фоизи иситиш печларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, 5,6 фоизи эса болаларнинг ўйинлари оқибатида содир бўлган», — дейди у.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай бахтсиз ҳодисалар кўпинча газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмагани, табиий ёки муқобил ёқилғи туридаги иситиш печларининг техник ҳолати талабга жавоб бермагани натижасида юз беради.
Вазирлик маълум қилишича, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида масъул идораларга минглаб расмий огоҳлантириш хатлари юборилган. Бироқ бу чора-тадбирлар ҳамон кутилган натижани бермаяпти — гўё «ҳар йил қишда шу бўлар такрор» қабилида давом этяпти.
Ўзбекистон бўйлаб ис газидан заҳарланиш ҳолатлари
Vaqt.uz таҳририяти ОАВларда эълон қилинган маълумотлар асосида мамлакатнинг турли ҳудудларида содир бўлган ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатларни умумлаштирди. Бу фожиали воқеалар Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида кузатилмоқда.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 2021 йил 27 февралда ижарада яшаган 5 нафар талабанинг ўлимига ис гази сабаб бўлган эди. Бешала йигитнинг бари «ис газидан ўткир заҳарланиш натижасидаги ўткир нафас ва юрак қон томирлари етишмовчилиги» оқибатида вафот этган.
Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида оиладан тўрт киши ис газидан заҳарланган ва уларнинг барчаси вафот этган. Ҳодиса 2024 йилнинг 22 октябрида хонадон аъзолари ухлаб ётган вақтида носоз иситиш мосламаси (котёл)дан сизиб чиққан эди.
Бухоро вилояти Когон шаҳрида аёл ва унинг вояга етмаган фарзанди 2024 йил 12 ноябрда вафот этган эди.
Фарғона вилояти ҳам бир оиланинг уч нафар аъзоси ис газидан вафот этганди, уларнинг икки нафари болалар бўлган. Ҳодиса 2024 йил 1 март куни ностандарт қўлбола иситиш печидан фойдаланилганлиги сабабли содир бўлган.
Наманган вилоятининг Поп туманида бир оиланинг 3 нафар аъзоси ис гази қурбони бўлди.
Навоий вилояти Навбаҳор туманида ҳам вояга етмаган икки нафар ака-ука уйининг ётоқхонасига ўрнатилган газ печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этишган.
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 2023 йил 15 октябрда уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, воқеа сабаб 53 ёшли аёл ва унинг 9 ва 3 ёшли набиралари вафот этган.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 2024 йилнинг 27 февралида бир оиланинг олти аъзоси ис газидан заҳарланган. ота-она ва уларнинг фарзандлари ухлаб ётган вақтида темирдан қўлбола ясалган печдан чиққан ис газидан димиқиб, воқеа жойида вафот этган.
Сирдарё вилояти Боёвут туманида ёш келин-куёв ис газидан кучли заҳарланиб, яшаш хонадонида вафот этган эди. Бунга қўлбола усулда ясалган печ сабаб бўлган.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи 46 ёшли эркак ва унинг уч нафар (18, 16 ва 10 ёшли) фарзандлари 2024 йил 17 декабрда иситиш тизимидан чиққан ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган эди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 2024 йил 20 декабрда эр-хотин ва уларнинг ўғли ис газидан вафот этган. Маълумотларга кўра, 43 ёшли эркак, 35 ёшли аёл ва 8 ёшли боланинг ўлими ис газидан заҳарланиш оқибатида содир бўлган.
Хоразм вилояти Боғот туманида эса оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан заҳарланган, аммо она ва 10 яшар қизи тез тиббий ёрдамга бўлимига олиб келганда ўлган.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида 2024 йил 18 октябрда оиладан 2 киши ва уларникига меҳмонга келган эркак ҳам ис газидан заҳарланиб вафот этган эди.
«Шундан кейин бутун қишлоқ қўрқиб қолди…» — ис газидан омон қолган оиланинг ҳикояси
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи Шаҳло ва унинг оиласи ўтган йил декабр ойида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ дахшатли кечани бошидан кечирган. У бу ҳақда Vaqt.uz мухбирига ҳикоя қилиб берди.
«Печкага кўмир солганмиз — кўмирда ҳам газ бўлади-ку. Печканинг мўриси тўлиб қолганини билмаган эканмиз. Ҳар гал олов ёққанда мўри тўлиб, газ ташқарисига чиқмай, хонанинг ичига тўпланган. Биз эса бундан хабар топмаганмиз. Чунки ис газынинг ҳиди умуман билинмайди, одам сезмайди ҳам. Ўйлардимки, агар заҳарланса, ҳиди келади деб. Лекин у умуман сезилмас экан», — дейди Шаҳло.
Унинг сўзларига кўра, ўша кеча бир хонанада тўрт киши бўлган — онаси, синглиси, опаси ва ўзи. «Тунда соат иккилар атрофида синглим бошининг оғрияётганини айтди. Онам дори олиб бериш учун турганлар, лекин ўзлари ҳам бош айланишини сездилар. Кейин опам дори олиш учун чиқди, аммо айвончада йиқилиб тушган. Онам унга қараб чиққанларида ўзлари ҳам ҳушларини йўқотганлар. Мен ҳам уларни кўриб, оз-моз ҳушимни йўқотганман», — дейди у.
«Дадам бошқа хонада ётган экан, у билмаган. Синглим дадамни чақирган, дадам уйғониб, «тез ёрдам»га қўнғироқ қилган. Шифокорлар келиб, ҳаммамизни текширган — қон босимимиз тушиб кетган экан. Улар: «Бу ис гази, хона тўлиб қолган», деб айтишган. Онам билан опамнинг аҳволи оғир бўлгани учун уларни биринчилардан бўлиб олиб кетишган», — дея кечмишини ҳикоя қилади Шаҳло.
Оилани туман марказидаги шифохонага олиб боришган. «Реанимацияда ошқозонни ювишди, қонни тозаловчи дори қўйишди. Уч кун ўша ерда ётдик, кейин яна бир ҳафта шифокорлар назоратида даволандик. Ҳозир ҳаммаси яхши, лекин ўша ҳолатни унутиш қийин», — дейди Шаҳло.
Унинг айтишича, воқеадан кейин нафақат уларнинг оиласи, балки бутун маҳалла эҳтиёт бўлиб қолган: «Шундан кейин бутун қишлоқ қўрқиб қолди. Энди ҳеч ким қишда кечаси кўмир ёқмайди. Ҳамма билади — ис гази чиқса, уни ҳеч ким сезмайди, у сездирмай киради, сездирмай ўлдиради».
Шаҳлонинг сўзларига кўра, Шерободнинг кўплаб қишлоқларида табиий газ қувурлари йўқ. Уйлар асосан кўмир билан иситилади, газ баллонларидан эса фақат таом тайёрлаш учун фойдаланилади. «Шаҳар жойларда газ кўп бўлгани учун заҳарланиш ҳолатлари кўпроқ бўлади, бизда эса кўмир ёқилғиси хавф туғдиради», — дейди у.
Шифокорлар Шаҳло ва унинг оиласига ўша пайтда хонадаги газ миқдори жуда юқори бўлганини, онаси ва опасининг аҳволи оғир кечганини айтган. «Уларни кислородли баллонга улашган, қонни тозаловчи дорилар берган. Энди ҳатто озгина тутун чиқса ҳам, нафасимиз қисилиб қолади», — дея якунлайди у.
Мутасаддилар огоҳлантиради, ечим эса тизимда
Фавқулодда вазиятлар, Энергетика ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳар қишда аҳолига хавфсизлик қоидаларини қайта-қайта эслатадилар: иситиш воситаларини текшириб туриш, мўри (чўтка) ларни мунтазам тозалаш, хоналарни ҳавалантириш талаб қилинади. Телевизор орқали эълонлар берилади, ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқатилади. Аммо ҳар йили такрорланиб келаётган фожиалар шу чораларнинг амалда етарсизлигини кўрсатмоқда.
Қиш мавсумида ўртача ҳар ўнта ёнғиндан бири иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт ускуналарни ишлатиш ортидан келиб чиқади. Бу ҳолатлар кўпинча қайғули оқибатларга олиб келади.
Шунингдек, республиканинг қишлоқ ва чегара ҳудудларида марказий газ тармоғи мавжуд эмас. Аҳоли иситиш учун кўмир ёки бошқа алтернатив ёқилғилардан фойдаланади. Бу эса турли хатарларни — заҳарланиш, ҳаво айланишининг бузилиши ёки мўрининг тўлиб қолиши каби ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
- Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари бу каби ўлим ҳолатларини камайтириш учун тизимли ёндашув зарур деб ҳисоблайдилар:
- Газ ва иситиш ускуналарини ҳар йили мажбурий техник кўрикдан ўтказиш;
- Ҳар бир хонадонда мўрилар ҳолатини назорат қилиш механизми жорий этиш;
- Қишлоқ ҳудудларда хавфсиз иситиш технологияларига ўтиш дастурини ишлаб чиқиш.
Мутахассислар «Ис гази детектори» қурилмасини ўрнатишни ҳам тавсия қилмоқда. Бу кичик, аммо ҳаёт учун муҳим қурилма — ҳавода ис газини аниқлаб, сигнал орқали шошилинч ҳолатни эълон қилади. Бозордаги нархи тахминан 150–200 минг сўм атрофида, ва мутахассислар фикрича, бу восита ҳар йили ўнлаб инсон ҳаётларини сақлаб қолиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса огоҳлантиради: ис газидан заҳарланиш оқибатлари узоқ муддатли бўлиши мумкин — нерв тизими, юрак ва нафас олиш аъзоларига жиддий зарар етиш эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли нафақат техник хавфсизлик, балки тиббий профилактика ҳам муҳимдир.
Мутахассислар таъкидлайдилар: бу муаммони фақат огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари билан ҳал этиб бўлмайди. Масалага давлат даражасидаги комплекс ёндашув зарур — профилактика, назорат ва аҳоли хабардорлигини қамраб олган ягона тизимли дастур жорий этилиши шарт. Чунки ҳар йили такрорланаётган фожиаларнинг сабаби фақат аҳолининг эътиборсизлиги эмас, балки тизимдаги назорат ва масъулият механизмларидаги бўшлиқлардир.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.