Ғазо ҳокимияти Исроил армиясини фаластинликларнинг жасадларидан тана аъзоларини ўғирлашда айблаб, бу «даҳшатли жиноят»ни текшириш учун халқаро қўмита тузишга чақирди.
«Сўнгги уч кун ичида (Исроил) оккупацияси Халқаро Қизил ярим ой жамияти орқали 120 та жасадни топширди. Уларнинг аксарияти аянчли аҳволда бўлиб, қатл қилингани ва мунтазам қийноқлар изларини кўрсатарди», – деган бугун, 17 октябр куни ҳукумат матбуот хизмати раҳбари Исмоил Савабта.
Унинг айтишича, баъзи марҳумлар «кўзлари боғланган ва қўл-оёқлари кишан солинган ҳолда,бошқалари эса бўйинларида қасддан ўлдирилганини кўрсатувчи бўғилиш белгилари ва арқон излари билан қайтарилган».
«Кўплаб жасадларнинг қисмлари, жумладан кўзлари, шох пардалари ва бошқа аъзолари йўқ эди», – дея таъкидлади Савабта. Унинг сўзларига кўра, бу Исроил армияси «жасадларни ушлаб турган пайтда инсон аъзоларини ўғирлаганини» тасдиқлайди ва у бу ҳаракатни «ваҳшиёна жиноят» деб атади.
Фаластин расмийси халқаро ҳамжамият ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини «шаҳидларнинг жасадларига нисбатан жиддий қонунбузарликлар ва уларнинг аъзоларини ўғирлаш учун Исроилни жавобгарликка тортиш мақсадида зудлик билан халқаро тергов қўмитасини тузишга» чақирди.
Исроил ҳарбий кучлари бу айбловларга жавоб бермади.
Фаластин миллий кампанияси маълумотларига кўра, ҳозирда Исроил 735 нафар фаластинлик маҳбуснинг жасадини, жумладан 67 нафар боланинг жасадини сақлаб турибди.
Исроилнинг «Haaretz» газетаси хабар беришича, Исроилнинг жанубидаги Негев саҳросида жойлашган Сде Теиман ҳарбий базасида Ғазодаги фаластинликларнинг 1500 га яқин жасади мавжуд.
ҲАМАС ташкилоти бу ой бошида Исроил билан эришилган вақтинчалик тўхтатиш келишуви доирасида 20 нафар тирик исроиллик гаровга олинганларни озод қилди ва 2 мингга яқин фаластинлик маҳбус эвазига яна 10 нафар асирнинг қолдиқларини топширди.
Мазкур келишув АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан тақдим этилган 20 бандли режага асосланган бўлиб, унда Ғазони қайта қуриш ва ҲАМАСсиз янги бошқарув тизимини ўрнатиш ҳам назарда тутилган.
2023 йил октябр ойидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода 68 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Ҳудуднинг катта қисми эса яшаш учун яроқсиз ҳолга келди.