Наманганда 7 ёшли қизча жинсий зўравонликка учради

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Қизалоқ ҳозир жонлантириш бўлимида, айбдор эса унинг 38 ёшли қариндоши эканлиги айтилмоқда.

Zo'rlash

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 7 ёшли қизалоқ ўз қариндоши томонидан зўрланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, 1987 йилда туғилган Б.С. 2025 йил 14 октябр куни тоғаси Ж.М.нинг уйида бўлиб ўтган тўй маросимида қатнашган. У тўйда тоғасининг 2018 йилда туғилган невараси И.К.ни алдаб, ёлғиз четга олиб чиқиб, номусига теккан ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Қизалоқ оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Эътиборлиси, жиноятчи икки кун давомида қочиб юрган, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни қидирув орқали топиб, қўлга олган. Янгиқўрғон туман суди 16 октябр куни унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини белгилади.

Маълумотларга кўра, Б.С. илгари ҳам жинсий жиноятлар учун бир неча бор судланган. 2014 йилда у зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиргани учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2020 йилда номусга тегиш жинояти учун яна судланган ва 10 йил 2 ой жазо олган. Аммо кейинчалик унинг жазоси енгилроқ турдаги ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.

Шу йил 19 февралда Чирчиқ шаҳар суди Б.С.нинг ўталмаган 5 йиллик қамоқ муддатини енгилроқ жазога айлантирган. Бироқ у эркинликка чиққач, яна оғир жиноят содир этган.

Маълумот учун, 2024 йил 7 августда қабул қилинган қонунга кўра, 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан зўрлик ишлатиш ёки уларнинг номусига тегиш билан боғлиқ жиноятларда жазони енгиллаштириш имконияти энди қўлланмайди.