Ўзбекистон президенти Брюсселга боради

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тез орада Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим имзоланиши кутилмоқда.

President

Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 24 октябр куни Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини (КШБ) имзолаш учун Брюсселга ташриф буюради. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур битим сиёсий, савдо ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб, муносабатларни мустаҳкамлайди ҳамда ислоҳотлар ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Ушбу кенг қамровли битим сиёсий мулоқот, савдо, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш каби бешта стратегик йўналиш бўйича келгусидаги ҳамкорликни белгилаб беради.

Нашрга кўра, келишув томонларнинг ислоҳотларни давом эттириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва глобал ҳамкорликка содиқлигини тасдиқлайди. Шунингдек, у жорий йилнинг ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё инвестиция форуми каби кейинги ташаббуслар учун замин яратади.

«Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ёки EPCA Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда тарихий босқични белгилайди. У 1996 йилги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг ўрнини босади ва мамлакатимиз шундан буён сиёсий, иқтисодий ва институтсионал жиҳатдан қанчалик олдинга силжиганини акс эттиради», – дея изоҳ берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.