Ўзбекистонда жон бошига даромад 3,5 минг долларга етди

15:50 | 5 дақиқада ўқилади.

Сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётига 130 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, миллионлаб доимий иш ўринлари яратилган. Бу ҳақда Президентнинг касаба уюшмалари вакиллари билан учрашувида маълум қилинди.

Dollar

17 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари вакиллари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари меҳнаткаш халқ ва касаба уюшмалари фаолларига самимий миннатдорлик билдириб, уларни Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги муҳим таянч куч сифатида эътироф этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент таъкидлашича, геосиёсий ва иқтисодий беқарорлик авж олаётган ҳозирги шароитда мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш энг устувор вазифа бўлиб қолмоқда. «Қанчалик қийин бўлмасин, биргаликда меҳнат қилиб, синов ва машаққатларни муносиб енгиб ўтяпмиз», — деди давлат раҳбари.

Мирзиёев «Инсон қадри учун» ғоясини амалга ошириш мақсадида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга устувор аҳамият берилганини қайд этди. Саккиз йилда иқтисодиётга 130 миллиард доллар инвестиция киритилиб, миллионлаб янги иш ўринлари яратилгани, аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етгани таъкидланди.

Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза соҳасида янги ҳуқуқий асослар яратилди: янгиланган Конституция, Меҳнат кодекси ва «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Бу ҳужжатлар ходимлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва адолатли меҳнат муносабатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Президент Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни юқори баҳолаб, Ўзбекистон болалар ва мажбурий меҳнатни тўлиқ тугатганини таъкидлади. Бу тажриба халқаро миқёсда эътироф этилган ва ўзбек пахтаси «Cotton Campaign» ташкилоти томонидан тақиқлар рўйхатидан чиқарилган.

Шунингдек, мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ижтимоий адолат бўйича глобал коалицияси» ва ХМТнинг «Глобал акселератор» дастурларида фаол иштирок этмоқда. Президент таъкидлаганидек, бу натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга касаба уюшмаларининг фаол ҳиссаси бор.

«Биз касаба уюшмалари фаолиятига аралашмаслик ва уларнинг эркинлигини таъминлаш сиёсатини қатъий давом эттирамиз. Инсон меҳнати — бебаҳо қадрият», — деди давлат раҳбари учрашувда.

Шунингдек, сўнгги йилларда 500 мингга яқин ходимнинг ҳуқуқлари тикланиб, 267 миллиард сўм ундирилган, 13 минг киши ишга қайта жойлаштирилган, ишда жабрланган минг нафар ходимга 35 миллиард сўм товон тўланган. Президент Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси битирувчилари бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.