Ўзбекистонда қурилишларнинг чорак қисми ҳали ҳам «соя»да қолмоқда

17.10.2025 18:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг январ-август ойларида мамлакатда амалга оширилган қурилиш ишларининг деярли чорак қисми норасмий сектор ҳиссасига тўғри келади.

Ozbekistonda qurilish

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистонда норасмий сектор томонидан 46,7 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга кўпдир.

Шу давр мобайнида норасмий секторнинг умумий қурилиш ишларидаги улуши 24,8 фоизни ташкил этган. Яъни мамлакатда амалга оширилган ҳар тўртта қурилишдан бири расмий ҳисобга кирмаган ҳолда бажарилган.

Сўнгги йилларда бу кўрсаткич сезиларли ўсиш тенденциясини кўрсатмоқда. Агар 2021 йилда норасмий қурилиш ишлари ҳажми 12,5 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 13,9 трлн, 2023 йилда 16,2 трлн, 2024 йилда эса 39,3 трлн сўмга етган. 2025 йилда эса бу рақам 46,7 трлн сўмдан ошди.

Мутахассислар фикрича, норасмий қурилиш секторидаги ўсиш сабаблари қаторида лицензиясиз фаолият, кичик пудрат ишларини ҳисобдан чиқариш ва солиқ юкидан қочиш ҳолатлари бор. Бу эса иқтисодиётнинг шаффофлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.