Ўзбекистонлик аёл Австриянинг Raiffeisen банки молиявий директори бўлди

17.10.2025 16:34 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонлик Камила Маҳмудова Raiffeisen Bank Интернатионал’нинг бошқарув таркибига молиявий директор — CFO сифатида тайинланди.

Kamila mahmudova

Австриянинг йирик молия институтларидан бири — Raiffeisen Bank International (RBI) ўз кузатув кенгаши қарори билан ўзбекистонлик мутахассис Камила Маҳмудовани 2026 йилдан бошлаб молиявий директор лавозимига тайинлади. Bank маълумотига кўра, бу вазифа директорлар кенгашида алоҳида бўлинма сифатида қайта жорий этилади.

Тайинлов ҳозирда банкнинг назорат органлари томонидан расман тасдиқланиши кутилмоқда. Маҳмудова 2021 йилдан бери Чехиядаги Raiffeisenbank бошқарувида молиявий директор сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Унинг молия соҳасидаги фаолияти 1999 йилда Ўзбекистон Давлат мулки қўмитасида бошланган. Кейинчалик Халқаро молия корпорациясида консультант сифатида ишлаган, 2007 йилдан эса RBI таркибидаги М&А бўлимида фаолият бошлаб, 2019 йилда у «Корпоратив ривожланиш ва стратегик бошқарув» бўлимига ўтган.

Маҳмудова 1997 йилда Ўзбекистон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Шунингдек, у АҚШ ва Австриядаги нуфузли таълим муассасалари — Иллинойс коллежи, Вена иқтисодиёт университети, Карлсон менежмент мактаби ҳамда Гарвард бизнес мактабида таҳсил олган.

Австриянинг Die Presse нашри ёзишича, унинг олдида турган асосий вазифалардан бири — банкнинг Россиядаги фаолияти билан боғлиқ мураккаб сиёсий ва молиявий масалаларни бошқаришдир. Украина уруши ва санкциялар фонида RBI Россия бозоридаги улушини қисқартириш ниятини билдирган.

Маълумот учун, Raiffeisen Bank International — Австриянинг энг йирик банк гуруҳларидан бири бўлиб, Марказий ва Шарқий Европадаги 11 мамлакатда 18 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади. Банкнинг жами активлари 2025 йил июни ҳолатига кўра 204 миллиард еврога етган.