Покистон авиацияси Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятидаги Спин-Булдак чегарадош туманига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда Tolo News телеканали маҳаллий ҳокимиятга асосланиб, хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 40 киши ҳалок бўлган, яна 170 киши жароҳат олган.
Хабарларга кўра, тўп ўқлари Нокли, Вардак, Кучиан, Шўрабак ва Шаҳид ҳудудларига тушган. Бир нечта турар-жой биноларига путур етган.
Ўзи нималар бўлмоқда?
Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегарадаги вазият таранг бўлиб қолмоқда.
9 октябр куни Кобулда портлашлар содир бўлди, шундан сўнг Афғонистон ҳукумати Покистонни пойтахт ва Марги туманидаги ҳужумларни уюштирганликда айблади.
11 октябр куни чегарадош Пактия вилоятида икки мамлакат чегара қўшинлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар юз берди.
Афғонистон томонининг маълумотларига кўра, ушбу жангларда 58 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлган, яна 30 нафари яраланган. Афғонистон кучлари қурол-яроғ ва техниканинг бир қисмини қўлга киритганини билдирди. Афғонистон ҳукумати вакили ўз томонидан тўққиз нафар аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Афғонистон Қатар ва Саудия Арабистони воситачилигида жанговар ҳаракатлар тўхтатилганини маълум қилди.
Покистон армияси эса ўз навбатида 23 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ва 29 нафари ярадор бўлганини хабар қилди ҳамда Афғонистон раҳбарияти билан алоқадор деб ҳисобланган 200 дан ортиқ кишини «йўқ қилганини» эълон қилди.
15 октябр куни томонлар 48 соатлик муддатга ўт очишни тўхтатиш бўйича вақтинчалик келишувга эришдилар.