Рекламада кредит оқибатлари ҳақида огоҳлантириш мажбурий бўлади

17.10.2025 12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси кредит ва микроқарз рекламаcида аҳолини эҳтимолий молиявий хатарлар ҳақида огоҳлантиришни мажбурий этишни таклиф қилмоқда.

Kredit

Ўзбекистонда кредит ва микроқарз хизматларига бўлган талаб ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бироқ, айрим молия ташкилотлари агрессив реклама орқали аҳолининг эътиборини тез ва осон кредит олиш имкониятларига қаратаётгани натижасида қарз юкининг ортиши, айрим фуқароларнинг молиявий қийинчиликка дуч келиши ҳолатлари кўпайган.

Шу муносабат билан, Рақобат қўмитаси Марказий банк билан ҳамкорликда «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига ўзгартиш киритишни таклиф этмоқда. Лойиҳага кўра, кредит ва микроқарз хизматлари реклама қилинганда, реклама вақти ёки майдонининг камида 10 фоизи фойдаланиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган молиявий хатарлар ҳақидаги огоҳлантиришга ажратилади.

Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади — аҳолининг молиявий хабардорлигини ошириш ва онгли қарз олиш маданиятини шакллантиришдир. Шу орқали ортиқча қарз юкининг олдини олиш, фуқароларни молиявий барқарорликни сақлашга ундаш кўзда тутилган.

Рақобат қўмитаси фуқароларни ҳар қандай қарз мажбуриятини қабул қилишдан олдин ўз молиявий имкониятларини тўғри баҳолашга чақирмоқда. Шунингдек, улардан шартлар, фоиз ставкалари ва тўлов муддатларини диққат билан ўрганиш талаб этилади.

Ташаббус халқаро амалиётга мос равишда ишлаб чиқилган бўлиб, молиявий хизматлар бозорида масъулиятли реклама ва қарз сиёсати тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган.