«Биз доимо нефт ва газ боғлиқлигидан қачон қутулармиз, деб айтиб келганмиз. Мана, аста-секин бу йўналиш кучайиб бормоқда», – деган эди 2023 йилда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин.
Чамаси, бу йўналиш ҳақиқатан ҳам мавжуд, бироқ оптимизмга асос кам. Атиги уч йил ичида «Газпром» ва «Роснефт» энг даромадли компаниялардан мамлакатнинг асосий қарздорларига айландилар. Forbes маълумотларига кўра, уларнинг қарзлари мос равишда 5,8 ва 3,6 триллион рублни ташкил этган. Мутахассислар бунинг асосий сабабини қарз олишнинг қимматлашуви ва бозор шароитларининг ўзгариши деб кўрсатмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, уруш фонида «Газпром» Европа бозорининг катта қисмини йўқотди ва 2023 йилда энг зарарли корхоналар рейтингида 583,1 миллиард рубл соф зарар билан биринчи ўринни эгаллади. Ўтган йили «Нафтогаз» билан шартноманинг бекор қилиниши вазиятни янада оғирлаштирди. Шундан сўнг, концерн раҳбарияти компания марказий аппарати ходимларини 4,1 мингдан 2,5 минг кишигача қисқартиришга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шунга қарамай, Россия газ холдингида юқори барқарорлик захираси сақланиб қолмоқда, дейди «ТРТ на русском» нашри билан суҳбатда иқтисодчи Ярослав Романчук: «Газпром» ҳар доим шунчаки корпорация эмас, балки Кремлнинг газ қўли — сиёсий-иқтисодий механизмнинг бир қисми бўлиб келган. Бу мустақил балансга эга классик компания эмас: давлат ва «Газпром» ўзаро боғлиқ. Аслида, бу ягона ҳамён бўлиб, ундан турли вазифалар, жумладан, хориждаги ассиметрик ва гибрид операциялар молиялаштирилади.
Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг газ саноати ички ва экспорт мажбуриятлари туфайли барқарорлигини сақлаб қолади. «Газ ҳеч қаерга йўқолмаган, конлар қолган, қувурлар мавжуд. Шунчаки энди бошқа лойиҳалар — ижтимоий ёки инфратузилма лойиҳалари учун маблағ қолмайди. Улар, эҳтимол, тижорат банклари ва бошқа тузилмалар балансларининг ёмонлашуви эвазига ҳам қўллаб-қувватланади», – дея қўшимча қилди мутахассис.
Бироқ бу моделнинг барқарорлиги мутлақ эмас. Агар Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россия энергия ташувчиларини, жумладан, суюлтирилган табиий газни импорт қилишдан бутунлай воз кечса, соҳа учун қўшимча хавфлар юзага келиши мумкин. Бу ҳолатда Россиянинг экспорт даромадлари сезиларли даражада камайиши эҳтимоли бор.
Ўт очиш чизиғидаги ёқилғи
Россия жамоатчилигида айниқса нефтни қайта ишлаш заводларидаги портлашлар катта ташвиш уйғотмоқда. Таҳлилчиларнинг баҳолашича, сентябр ойида нефтни қайта ишлаш заводлари қувватларининг қарийб 38 фоизи таъмирда бўлган, шундан 70 фоизи Украина дронлари ҳужумлари сабабли.
15 октябр куни Уфадаги «Башнефт» заводига ҳужум қилинди, Волгоград ва Краснодар вилоятларидаги объектлар устида тез-тез портлашлар эшитилмоқда. Айниқса, босиб олинган Қрим ва Севастопол кўпроқ зарар кўрди, у ерда ёқилғи қуйиш шохобчаларининг ярми иш фаолиятини тўхтатди. Ҳужумларнинг оқибатлари кўзга ташланмоқда: хом нефтни қайта ишлаш камайиши — бензин, дизел ва керосин камроқ ишлаб чиқарилишига олиб келмоқда.
Ҳарбий ҳаракатларнинг тўртинчи йилида Россия ҳукумати чоралар кўришга қарор қилди: айрим қайта ишлаш корхоналари мустаҳкам тўр-девор билан ўраб олинди. Энди бу объектлар кўпроқ қамоқхоналарни эслатади, аммо мутахассисларнинг фикрича, бу дронларнинг мақсадга эришишини қийинлаштиради.
Иқтисодчи Ярослав Романчукнинг баҳолашича, агар Россия нефтни қайта ишлаш заводлари қувватининг ярмини йўқотса, бу инқироз жараёнларини жиддий равишда тезлаштириши мумкин. Гап нафақат саноат учун хавф-хатарлар ва етказиб беришда юзага келиши мумкин бўлган узилишлар ҳақида, балки ижтимоий норозилик — истеъмолчиларнинг ғазаби ҳақида ҳам бормоқда.
«Менимча, бу Россия армиясининг таъминотига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди — ҳарбий таъминот ҳар доим устувор бўлади. Аммо аҳоли ниҳоят Россия ҳақиқатан ҳам уруш олиб бораётганини ҳис қилади: у уйга бензин ва ёқилғи танқислиги орқали кириб келади. Бу жуда оғриқли ҳолат. Кўпчилик уруш қаердадир узоқда деб ўйлашга ўрганиб қолган эди, энди эса унинг оқибатлари сезилмоқда», -дейди Романчук «TRT на русском». Сиёсатшунос Владимир Фесенконинг сўзларига кўра, ҳужумларнинг оқибатлари ички бозордан анча узоққа чўзилиши мумкин. У экспорт инфратузилмаси — портлар ва логистика ҳам заифлик касб этаётганидан огоҳлантирмоқда.
«Санкт-Петербург ва Новороссийск яқинида ҳужумлар аллақачон қайд этилган. Агар нафақат дронлар, балки ракеталар ҳам ишга тушса, Россия учун хавфлар сезиларли даражада ошади. айнан шу сабабли Москвада Украинага узоқ масофали ракеталар, жумладан, Tomogawk етказиб берилишидан хавотирдалар», – деди у.
Келажакка назар
«TRT на русском» суҳбатдошларининг фикрича, иқтисодий нуқтаи назардан Россия Федерацияси учун вазият жуда ҳавотирли. Энергетика маҳсулотларидан келадиган даромадлар федерал бюджетнинг учдан бир қисмини ташкил этади, нефт-газ сектори эса ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 27 фоизини шакллантиради. Шу сабабли, инфратузилманинг бузилиши ҳам бюджетга, ҳам умуман иқтисодиётга зарба беради.
Нафақат вайрон қилинган объектларни тиклаш, балки олинмаган даромадларни ҳам қоплаш зарур. Романчукнинг баҳолашича, агар ҳужумлар давом этса, Россия иқтисодиёти режалаштирилган 1-1,5 фоизлик ўсишга ҳам эриша олмаслиги мумкин.
«Биринчи навбатда заиф қатламлар – кичик ишлаб чиқарувчилар, паст даромадли корхоналар, давлат шартномаларига қарам бўлганлар, айниқса Кремлнинг устувор йўналишларига кирмайдиган корхоналар зарар кўради. Айнан улар биринчи бўлиб тизимдан чиқиб кета бошлайди», деб башорат қилади эксперт.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда тизим марказдан эмас, балки четларидан емирилади. Норозилар ва тизимдан сиқиб чиқарилганлар сони муқаррар равишда ортиб боради. Романчук Россиянинг ҳозирги ҳолатини Лаймен Фрэнк Баумнинг машҳур асари «Волшебник Изумрудного города» (The Wizard of Oz) қаҳрамони — Темир ўтинчи (Iron Woodman)га ўхшатди.
«Бугунги кунда Россия иқтисодиёти «Зумрад шаҳар сеҳри»даги темир ўтинчига ўхшайди. Унинг устидан сув тўкилди ва у мой тугагунга қадар юради. Аммо мой тобора камайиб бормоқда ва охир-оқибат механизм тўхтаб қолади. Худди шу нарса Россия иқтисодиёти билан ҳам содир бўлмоқда: унинг устидан сув тўкилди, у ҳали ҳам инерция билан айланмоқда, лекин ресурслар тугаб бормоқда. Мой тугагач, механизм бутунлай тўхтайди», – дейди Романчук.
Сиёсатшунос Владимир Фесенко ҳам шунга ўхшаш тенденцияларни қайд этади. Унинг айтишича, иқтисодиётдаги ички танглик аллақачон бюджет ва солиқ сиёсати даражасида намоён бўлмоқда. “Давлат олдида классик муаммо пайдо бўлади: тўплар ёки ёғ. Фуқаролик соҳаларида – қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишда пасайиш кучаймоқда. Иқтисодий ўсиш фақат ҳарбий буюртмалар ва уларга боғлиқ ишлаб чиқаришлар ҳисобига сақланиб турибди,” деди у ТРТнинг рус тилидаги суҳбатида.
Мутахассислар фикрига кўра, ҳозирча бу муаммолар жиддий эмас, бироқ уларнинг тўпланиши муқаррар равишда иқтисодиётни заифлаштиради ва Россиянинг узоқ муддат уруш олиб бориш имкониятини чеклайди. Маълум бир вақтда Кремл икки йўлдан бирини танлашга мажбур бўлади: жанговар ҳаракатлар шиддатини пасайтириш ёки ички иқтисодиётнинг янада емирилишига кўникиш.