Саида Мирзиёева Оксфорд университети мукофотига сазовор бўлди

17.10.2025 08:18 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таълим соҳасидаги фаоллиги учун Оксфорд университетининг нуфузли мукофоти билан тақдирланди.

Saida m oxford

16 октябр куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Оксфорд университетининг махсус мукофотига сазовор бўлди.

Мукофот Саида Мирзиёевага хотин-қизлар учун таълим имкониятларини кенгайтириш, маиший зўравонлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳамда аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини мустаҳкамлашга қаратилган илҳомлантирувчи лидерлиги учун берилди.

14 октябр куни у Оксфорд университетидаги Ўзбекшунослик дастури очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Бу дастур Британияда илк бор ташкил этилган бўлиб, Оксфорд университети ўзбек ва қадимги ўзбек (чиғатой) тиллари расман ўқув дастурига киритилган мамлакатдаги ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Ўз нутқида Саида Мирзиёева узоқ йиллар давомида Ўзбекистон ёпиқ давлат бўлиб келган, аммо бугунги кунда у илм, технология ва инновацияларга очиқ мамлакатга айланаётганини таъкидлади.

«Бугун биз диалог ва очиқ мулоқот учун ҳар қачонгидан ҳам очиқроқмиз. Ва бу диалогни бошлаш учун Оксфорддан яхши жой бўлиши мумкинми? Бу ерда дунё маданиятлари, тиллари ва ғоялари кесишади, таълим эса фақат шахсларни эмас, балки бутун миллатларни ҳам шакллантиради», — деди Саида Мирзиёева.

Оксфорд университети раҳбарияти унинг фаолиятини «илҳом манбаи ва аёллар учун тенг имкониятлар соҳасида намуна» сифатида баҳолади. Мукофот маросими доирасида Мирзиёева ўзбек тилини халқаро миқёсда ўқитиш ва тадқиқ этишни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини ҳам қайд этди.