Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган «М.М.М.N» фермер хўжалиги Қорадарё дарёси қирғоғидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний равишда қазиб олгани аниқланди. Бу ҳаракат натижасида табиатга 43,12 млрд сўм миқдорида иқтисодий зарар етказилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, ҳолат вилоят бошқармаси давлат инспекторлари томонидан ўтказилган текширувлар давомида фош этилган. Маълум бўлишича, қум ва шағал фермер хўжалигига тегишли экскаватор ҳамда юк машинаси орқали дарё ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилган.
Текширув натижасида ушбу техника воситалари вақтинча жарима майдонига жойлаштирилди. Ҳодиса юзасидан тузилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳолаш ва тегишли чора кўриш учун Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилди.
Экологлар бу каби қонунбузарликлар табиий муҳитга катта зарар етказишини, дарё қатламининг бузилиши ва сув оқими издан чиқиши мумкинлигини таъкидламоқда.