Тошкентдаги 10 та кўчада BRT тизими жорий этилади

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Пойтахт ҳокимлиги Тошкентда жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш мақсадида автобуслар учун алоҳида йўлаклар — BRT тизимини 10 та кўчада барпо этиш режасини тақдим этди. Лойиҳа қиймати 126 миллион долларни ташкил этади.

Btr

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлаклар инфратузилмасини яратиш бўйича янгиланган режаларни эълон қилди. Янги лойиҳага кўра, тезкор автобус тизими (BRT — Bus Rapid Transit) жами 10 та кўчада жорий этилади. Йўлларнинг умумий узунлиги қарийб 51 километрни ташкил этади.

Аввалги тақдимотда кўрсатилган КҲАЙ—Паркент йўналиши ўрнига энди Алишер Навоий—Беруний кўчалари киритилган. Ҳокимлик маълумотига кўра, BRT тизими қуйидаги кўчаларда амалга оширилади: Шота Руставели (5,1 км), Шаҳрисабз (3,2 км), Амир Темур (5,7 км), Янги Сергели (5,3 км), Махтумқули (1,3 км), Мирзо Улуғбек – Феруза – Юзработ (10,4 км), Лутфий ва Муқимий (5,9 км), Нурафшон (3,7 км), Қоратош – Кўкча дарвоза (4 км) ҳамда Алишер Навоий – Беруний (6 км).

Лойиҳани амалга ошириш учун жами 126 миллион доллар сарфланиши режалаштирилган. Бу миқдор аввалги 110 миллион долларлик баҳодан юқори. Молиялаштириш маҳаллий бюджет, халқаро кредит линиялари ва хусусий сармоядорлар ҳисобига амалга оширилиши кутилмоқда.

Ҳокимлик баёнотида айтилишича, тизим жорий этилгандан сўнг шаҳар марказидаги йўлларда тирбандлик сезиларли даражада камаяди, жамоат транспорти тезлиги ошади ва атмосфера ифлосланиши қисқаради.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишдаги постлар ҳам ҳаракат оқимини енгиллаштириш мақсадида кўчирилиши режалаштирилган. Бу чоралар шаҳарга кирувчи йўловчи ва транспорт ҳаракатини мувофиқлаштиришни яхшилайди.