Трамп Си Жинпингга мақтовлар йўллаб, учрашувга розилик берди

17.10.2025 21:58 | 3 дақиқада ўқилади.

Доналд Трамп Хитой раҳбарини «катта филм учун лойиқ инсон» деб атади ва яқин ҳафталарда Корея Республикасида ўтказиладиган APEC саммитида у билан учрашишини тасдиқлади.

Trump xi jinping

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раҳбари Си Жинпинг билан яқин икки ҳафта ичида Жанубий Кореяда учрашишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, учрашув 31 октябр – 1 ноябрь кунлари Гёнгжуда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани ҳамкорлик форуми доирасида амалга ошади.

«Си — жуда кучли лидер, ажойиб инсон. Унинг ҳаёти ҳақиқий катта фильмга арзийди», — деди Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида.

Бу баёнот АҚШ-Хитой муносабатлари кескинлашган бир пайтда янгради. Икки мамлакат ўртасидаги савдо уруши ярим йилдан бери давом этмоқда. 10 октябрда Трамп Хитойга нисбатан 100 фоизлик янги божлар жорий этилишини эълон қилган эди. Бу билан АҚШнинг умумий бож ставкаси 157 фоизга етмоқчи. Бу қарорга Трамп Хитойнинг нодир металлар экспортларига чекловлар жорий қилганидан сўнг келди.

Трамп, шунингдек, Хитой АҚШни «йиллар давомида талон-торож қилиб келганини» таъкидлади. Аммо у Си Жинпинг билан муносабатлар «яхши йўлга тушиши»га ишонмоқда.

Маълумот ўрнида: Си Жинпинг 72 ёшда. У Мао Жэдонгнинг собиқ сафдоши оиласида туғилган, аммо ёшлигида отаси қатағонга учрагани боис Шэнсидаги оғир меҳнатга юборилган. У ердан кейин ўқишга кириб, ХКП сафига қўшилган ва давлат бошқарувидаги йўлини бошлаган.