Афғонистондан контрабанда қилинган 50 кг наркотик модда фош этилди

12:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Афғонистондан контрабанда йўли билан Бухоро вилоятига етказиб берилган қарийб 50 кг гиёҳвандлик воситаси Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида олиб ўтилиши керак бўлган.

Image 2025 10 18 11 21 41

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан «Тошкент–Андижон» йўналишидаги махсус операция вақтида Андижон шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган «Cobalt» русумли автомобил тўхтатилиб, текширув ўтказилганда, у билан бирга кетган Қирғиз Республикаси фуқаросининг ёнидан 4 кг 897 грамм гашиш моддаси топилган. Бу ғақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Қўшимча суриштирувлар натижасида, ушбу Қирғизистон фуқароси гиёҳванд моддани Бухоро туманидаги дала майдонидаги яширин жойдан олгани маълум бўлди. Ҳудуд кўздан кечирилганда яна 45 кг 52 грамм “гашиш” моддаси аниқланган. Жами қарийб 50 кг модда процессуал тартибда расмийлаштирилиб, далил сифатида олиб қўйилган.

Тергов ҳаракатлари доирасида фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда улар қамоққа олинган.

Тергов маълумотларига кўра, гиёҳванд моддалар Афғонистондан контрабанда йўли билан Бухоро вилоятига етказилган ва кейинчалик Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга транзит сифатида олиб ўтилиши режалаштирилган.