Украина президенти Володимир Зеленский ва АҚШ раҳбари Доналд Трамп ўртасидаги музокаралар якунлангач, Зеленский Оқ уйни тарк этди, Трамп эса вертолётда Вашингтондан учиб кетди.
Украина ОАВлари хабарига кўра, Зеленский шундан сўнг Европа етакчилари билан телефон орқали гуруҳли мулоқот ўтказган, аммо суҳбатда қатнашганлар рўйхати ошкор этилмаган. Кейин у матбуот анжуманида учрашув натижалари ҳақида гапирди.
«Биз узоқ масофали қурол-яроғ етказиб бериш масаласини муҳокама қилдик ва буни жамоат олдида муҳокама қилмасликка қарор қилдик. Ҳозирча АҚШ кескинликни оширишни хоҳламаяпти», — деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Россия Украинага Tomahawk ракеталари етказилиши ва улар миллий қурол тизимлари билан биргаликда қўлланишидан қўрқмоқда, шу сабабли бу жараённи тўхтатишга уринаяпти. Саволларга жавоб берганида Зеленский «Tomahawk» масаласидаги имкониятни «реалистик» деб баҳолади. Шунингдек, у Трамп билан Украинанинг ҳаво мудофаа тизими бўйича ҳам музокаралар ўтказганини билдирди.
Доналд Трамп эса журналистларга изоҳ бермади, аммо Truth Social’да қисқа баёнот ёзди:
«Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув жуда қизиқарли ва илиқ кечди. Мен унга, худди президент Путинга айтгандек, қон тўкишни тўхтатиш ва келишув тузиш фурсати келганини айтдим!» — дейилади хабарда.
Трамп бошқа тафсилотларни очиқламади. АҚШ расмийлари эса ҳозирча Украинага узоқ масофали ракета етказиб бериш борасида расмий қарор қабул қилинмаганини қайд этмоқда.