Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян DW телеканалига берган интервюсида мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расмий ариза топшириш муддатини аниқ айтмади. Унинг сўзларига кўра, бу жараён «кўплаб омилларга боғлиқ», аммо ЕИга қўшилиш Арманистон ҳукуматининг расмий сиёсати ҳисобланади.
«Қачон ариза беримиз — аниқ айта олмайман. Балки келаси ойда, балки келаси йилда. Лекин бу — бизнинг расмий йўналишимиз», — деди Мирзоян.
Вазирнинг таъкидлашича, Арманистон ЕИ билан фаол мулоқотни бошлаган. Мамлакат ва Европа Иттифоқи ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик ва кенгайтирилган шериклик бўйича битим мавжуд. Шу асосда визаларни соддалаштириш бўйича жараён бошланган ва у «мувофақиятли давом этаётгани» қайд этилди.
Мирзояннинг айтишича, Ташқи ишлар вазирлиги ЕИ билан бир қатор янги ҳужжатлар бўйича музокаралар олиб боряпти ҳамда янгиланган шериклик дастури устида иш якунланди. Шунингдек, визаларни соддалаштириш жараёни муваффақиятли борса, бир ёки икки йил ичида амалга ошиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бошида Арманистон расман Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўналишини белгилаган эди. Июн ойида эса томонлар иқтисодий ривожланиш ва барқарорлик масалаларидаги ҳамкорлик кун тартибини келишиб олган.