Тарқалган видеода ўқитувчи Й.Ҳ. исмли шахс мактабга футболка кийиб келган С.Ж. исмли ўқувчини жазолаб, унга тан жароҳати етказгани айтилган. Боланинг онаси мутасаддиларга мурожаат қилганини, аммо зарур жавоб ололмаганини маълум қилган.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий баёнотида айтилишича, ҳолат назоратга олинган ва воқеа юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда суриштирув бошланган. Воқеа сабаблари ва иштирокчиларнинг ҳаракатлари ўрганилмоқда, натижалар бўйича қўшимча маълумотлар берилиши айтилган.
Бошқарма таъкидлаганидек, болаларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш — таълим тизими фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Таълим муассасаларида зўравонликка йўл қўйилмаслиги кераклиги яна бир бор эслатилди.
Ҳозирча ҳодиса бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар текширувни давом эттирмоқда.