Финландия Республикаси президенти Александр Стубб 2025 йилнинг 30–31 октябр кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Финландия президенти девони матбуот хизмати хабар берди.
Президент Стубб 31 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, Европа ва Марказий Осиё учун долзарб бўлган геосиёсий вазият ҳамда унинг минтақавий оқибатлари муҳокама этилади. Шунингдек, музокараларда Россиянинг Украинага қарши ноқонуний уруши ва кўп томонлама халқаро тизимни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Ташриф доирасида Финландия раҳбари Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза ўқиши, ташқи сиёсат соҳасидаги экспертлар билан учрашиши ҳамда фин ишбилармонлари иштирокидаги бизнес-семинарда қатнашиши режалаштирилган.
Фин делегацияси таркибига парламент аъзоси, Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи раиси Вилле Скиннари, шунингдек, Финландия савдо ва саноат соҳаси вакиллари киради.
Маълумот учун, Финландия раҳбарининг Ўзбекистонга охирги расмий ташрифи 1992 йилда бўлиб ўтган —мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Маунo Койвисто Тошкентга ташриф буюрган эди.