«Uzbekistan Airways»нинг Истанбул–Урганч йўналишида парвоз қилган самолёти бортида йўловчининг аҳволи ёмонлашгани сабабли Боку халқаро аэропортига мажбурий қўнди. Бу ҳақда авиакомпания расмий баёнот берди.
Маълумотга кўра, 17 октябр куни амалга оширилган HY280 рейси давомида бир йўловчи саломатлиги билан боғлиқ муаммога дуч келган. Экипаж хавфсизликни таъминлаш мақсадида самолётни Боку аэропортига мажбурий қўндирган.
Авиакомпания йўловчининг аниқ аҳволи ва унга кўрсатилган тиббий ёрдам ҳақида қўшимча маълумот бермаган. Шу билан бирга, HY280 рейси кейинчалик режага мувофиқ парвозни давом эттиргани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил октябр ойида шунга ўхшаш ҳолат HY272 рейсида ҳам кузатилган эди. Ўшанда Истанбулдан учган самолётда салон босимидаги беқарорлик сабабли парвоз бекор қилинган ва лайнер хавфсизлик нуқтайи назаридан яна Истанбул аэропортига қўндирилган эди.