Ўзбекистоннинг Oson финтех-ҳолдинг Марказий Осиё бозорларида фаолиятини кенгайтираётганини маълум қилди. Компания матбуот хизмати хабарига кўра, холдинг Тожикистон ва Қирғизистонда ўз сервисларини ишга туширмоқда.
Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган Plus Forum халқаро анжуманида Oson мамлакатда тўлиқ экотизим яратиш режасини эълон қилди. Холдинг Humo Bank, Васл Банк ва бир нечта маҳаллий финтех-стартаплар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади. 2025–2026 йилларда компания ушбу икки давлатдаги активларга жами 5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади. Маблағлар маркетинг, маҳаллий жамоаларни ривожлантириш ва ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилади.
Тожикистонда ҳолдингнинг фаолиятини EasyPay савдо белгиси остидаги Oson СЕОси Жаҳонгир Аминжон бошқармоқда. Унинг сўзларига кўра, янги босқичда электрон ҳамён, тўлов тизими ва бир нечта истеъмолчи сервисларини ўз ичига олган комплекс экотизим ишга туширилади.
«Бунгача биз агрегатор сифатида бошқа тўлов тизимлари билан ишлаган бўлсак, эндиликда тўлиқ финтех-холдинг форматига ўтмоқдамиз. Тожикистон трансчегаравий тўловлар ривожида стратегик қадамдир», — деди у.
Ҳолдинг асосчиси ва бош директори Фарҳод Маҳмудовнинг таъкидлашича, Марказий Осиёда финтех соҳаси янги босқичга — локал лойиҳалардан интеграциялашган экотизимларга ўтиш даврига кирди. «Финтех эндиликда алоҳида сервис эмас, балки бутун инфратузилманинг муҳим қисмига айланмоқда», — деди у.
Қирғизистонда эса Oson алоҳида операцион компания очиш ниятида. Ҳозирда ташкилот тўлов тизими учун лицензия олиш жараёнида. Шунингдек, ҳолдинг тарихида илк бор криптоактивлар билан ишлайдиган янги сервисларни жорий этмоқда. Маҳмудовнинг сўзларига кўра, компания Марказий Осиё бўйлаб экспансияни яқин ойларда якунлашни режалаштирган.