Ўзбек эркаклари аёлларни нима учун ўлдиради? — тадқиқот

10:00 | 20 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда аёллар ҳаёти учун энг катта таҳдид ўз уйларида — турмуш ўртоқлари қўлидан келади. Тадқиқотларга кўра, аёллар кўп ҳолда ошхона пичоғи билан ёки бўғиш йўли билан ўлдирилади. Мақолада тандирда ёқилган ва қизини ҳимоя қилмоқчи бўлган аёл фожиаси ёритилади.

Ozbek ayollari

«Фемицид» атамаси илк бор 1976 йилда профессор Диана Рассел томонидан «Аёлларга қарши жиноятлар халқаро трибунаси»да ишлатилган. Кейинроқ, 1990-йилларда у бу тушунчани «аёлларни эркаклар томонидан нафрат, камситиш, лаззат олиш ёки мулк сифатида қараш туфайли ўлдириш», деб таърифлаган.

Шундан кейин бу атама кенгайиб, «аёлларга нисбатан нафрат сабабли ўлдириш» ёки «фақат аёл бўлгани учун эркаклар томонидан ўлдирилиш» деган маъноларни қамраб олди. Бу таърифга чақалоқлар ва ўсмир қизларнинг ҳам жинсий сабабларга кўра ўлдирилиши киради.

Мексикалик антрополог Марсела Лагарде кейинчалик бу атамага янги мазмун бахш этиб, «фемицид» тушунчасини «феминицид» даражасига кўтарди. Унинг таъкидлашича, аёллар ва қизларнинг зўравонлик орқали ўлдирилиши фақат жиноятчининг айби эмас — бу ҳолатда давлатнинг бепарволиги, расмий идораларнинг сукут сақлаши ёки айрим ҳоллардаги «ҳамкорлиги» ҳам муайян рол ўйнайди.

2000-йиллар бошидан бошлаб «фемицид» тушунчаси дунё миқёсидаги ижтимоий ҳаракатлар учун асосий шиорга айланди — маҳаллий фуқаролик ташкилотлари ва илмий доиралар бу атамани қонунан аниқ таърифлаш ҳамда давлатни бундай жиноятларнинг олдини олиш ва жавобгарликни таъминлашга чақириш ҳаракатини бошладилар. Бироқ Ўзбекистон бу жараёнда қатнашмаяпти. Мамлакат қонунчилигида «фемицид» деган атама умуман мавжуд эмас. Ўзбек жамиятида ҳукмрон патриархал қадриятлар аёлларнинг ўлдирилишини нафақат оқлайди ёки эътиборсиз қолдиради, балки кўп ҳолларда айбни жабрланувчининг ўзига юклайди.

Ўзбекистонда умумий қотилликлар нисбатан кам. Давлат статистикасига кўра, жиноятлар сони 2010 йилда 90 минг 50 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу рақам 104 минг 96 тага етган — аҳоли сонининг ўсиши билан мутаносиб равишда. Бироқ, олдиндан режалаштирилган ёки уриниш тарзидаги қотилликлар сони кескин камайган. 2010 йилда 868 та шундай ҳолат қайд этилган бўлса, 2023 йилда улар сони 363 тага тушган (жиноятга алоқадор шахслар сони 868 тадан 384 тагача камайган).

Расмий Тошкент бу жиноятлар бўйича жабрланувчилар ёки сабаблар ҳақида батафсил маълумот бермайди. Фақат жиноятчиларнинг жинси ҳақидаги маълумот очиқ: сўнгги ўн йилда бу кўрсаткич аёллар улуши бўйича тахминан 10 фоизни ташкил этган. Аммо қурбонларнинг жинси бўйича маълумот йўқ. Шу сабабдан, асосан эркаклар қотил эканини ҳисобга олганда, қурбонларнинг катта қисми аёллар экани тахмин қилинади, аммо бу аниқ эмас.

Мақола муаллифлари Гулноза Аҳмедова ва Дениз Назарова билан биргаликда Ўзбекистонда ва ўзбек мигрантлари орасида фемицид ҳолатларини ўрганиш бўйича тадқиқот ўтказди. Лойиҳа доирасида сўнгги 10 йил ичидаги 305 та фемицид ҳолатини қамраб олган маълумотлар базаси тузилди. Бу ҳолатларда жами 334 нафар қурбон аниқланган.

Маълумотлар 2014–2024 йиллар орасидаги интернет нашрлари ва 2023 йилдаги суд архивларидан тўпланди. Бу рақамлар фақат аниқ ҳужжатлаштирилган ҳолатларни кўрсатади — бу вақт ичида фақат 334 аёл ва қиз ўлдирилган дегани эмас, балки фақатгина исботланган ҳолатлар ҳисобга олинган. 

Аксарият қурбонлар ўз уйларида, эркаклар қўлидан ҳалок бўлади.

Тадқиқот натижасида маълум бўлишича, Ўзбекистонда ўлдирилган ҳар ўнта аёлдан тўққизи эркаклар томонидан ҳалок бўлган. Яъни 334 нафар қурбондан 91 фоизи эркаклар қўлидан ўлдирилган.

 

Маҳлиё қизини қутқармоқчи бўлганди — эри уни 16 марта пичоқлади

Икки фарзанднинг онаси Маҳлиё Бустанова  йил 23 март куни қизининг соғлиғини ҳимоя қилишга уриниб, ўз турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилган.

Ўша куни унинг икки ойлик қизалоғи қайт қилаётгани учун «тез ёрдам» чақирган, аммо эри Дилмурод бунга рухсат бермаган. Маҳлиё полицияга мурожаат қилганидан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими босими билан эри қизини шифохонага олиб бориб келган, аммо қаттиқ асабийлашган.

Бу унинг иккинчи никоҳи эди. Биринчи турмуши фарзандсизлик сабабли бузилган. Кейин у Дилмурод Далиевга турмушга чиққан ва икки фарзанд кўрган. Бироқ ҳомиладорлик пайтида гепатит С касаллигига чалинганидан кейин қайнонаси унга нафрат билан қараган. Мунтазам жанжаллар бошланган.

Шу кунги тортишув пайтида Дилмурод ашаддий ғазаб билан ошхонадан пичоқ олиб, ётоқхонага кирган ва хотинини 16 марта пичоқлаб ўлдирган. Суд уни 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилган.

Аёлларнинг кўпчилиги эркаклар қўлидан ҳалок бўлиш билан бирга, аксарият ҳолларда қотиллар уларнинг яқинлари бўлади. Тадқиқотга кўра, 46 фоиз ҳолатларда аёллар турмуш ўртоқлари, севгилари ёки фақат диний никоҳ билан яшаган эркаклар қўлидан ҳалок бўлган. Қолган 15 фоиз ҳолатларда эса қотиллар ота, ака, қайнона, ўгай ота ёки қайнота каби яқин қариндошлар бўлган.

 

Кўп ҳолатлар уй шароитида содир бўлади

Фемициднинг катта қисми — 39 фоизи аёлнинг ўз уйида содир бўлган. 19 фоиз ҳолатда жиноят қурбон ва қотил бирга яшаган уйда бўлган. 20 фоиз ҳолатда эса қотилнинг уйида. Бу рақамлар мамлакатдаги умумий гендер асосидаги зўравонлик (GBV) кўрсаткичларига мос келади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳар йили 40 мингга яқин GBV ҳолатини қайд этади, уларнинг 85 фоизи уй шароитида содир бўлади ва барчасида жабрланувчи — аёллар.

 

Кўпчилик аёллар пичоқ ёки мушт билан ўлдирилади

Маҳлиёнинг ҳикояси — юзлаб мисоллардан бири, холос. Аёлни «мулк» деб биладиган қарашлар жамиятда шунчалик кучлики, эркаклар «хулқ» учун одатда пичоқ ёки оғир буюмга қўл уради.

Илгари ўтказилган тадқиқотда Нигинахон Саидоваа аёллар эркакларга нисбатан анча кам қотиллик қилади ва уларнинг 71 фоизи пичоқ ишлатганини аниқлаган. Бу эркакларнинг жисмоний куч устунлиги билан боғлиқ. Фемицид ҳолатларида ҳам шунга яқин тенденция кузатилган: жиноятларнинг 41,5 фоизи ошхона пичоғи билан амалга оширилган. 9,8 фоиз ҳолатда эркаклар аёлларни қўллари билан — мушт ёки бўғиш орқали — ўлдирган. Бўғиб ўлдириш ҳолатлари тахминан 5 фоизни ташкил этади.

Бу маълумотлар шундан далолат берадики, эркаклар кўп ҳолларда импулсив тарзда, яъни «қўл остидаги нарса билан» ёки жисмоний устунлигидан фойдаланиб қотиллик содир этади. Бу ўлдиришлар кўпинча ниҳоятда шафқатсиз бўлади.

Масалан, Маҳлиё 16 марта пичоқланиб ҳалок бўлган. Самарқандда эса бир эркак ажрашган хотинини ота-онаси уйига бостириб кириб, ўроқ билан 12 марта зарба бериб ўлдирган. Наманганда 26 ёшли эркак хотинини 22 марта пичоқлаган. Новосибирскда эса ўзбек мигранти бир ўзбек аёлини камида 78 марта пичоқлаб ўлдирган.

 

Тандирда ёқилган аёл — 33 йиллик никоҳнинг фожиали поёни

Сановар ва Сафарли 33 йил турмуш қурган, уч фарзанд тарбиялаган оила эди. Аммо 2023 йил 29 август куни эркак хотинини шафқатсиз тарзда ўлдиришга қарор қилди. Сафарли узоқ йиллар давомида ичкиликка берилган, хотинини уриб, таҳдид қилиб яшаган ва охирги ойларда очиқчасига «мен сени ўлдираман», дейдиган бўлган.

Ўша фожеали кун тонгда қизлари ишга кетган, ўғли эса Россияда меҳнат қиларди. Сафарли ҳам илгари Россияда бўлиб, у ерда бошқа аёл билан никоҳдан ўтган. Кейин Ўзбекистонга қайтиб, яна биринчи хотини билан яшашни давом эттирган. Бу ҳолат меҳнат мигрантлари орасида одатий манзара: улар юртидаги аёл ва болаларини қолдириб, чет элда иккинчи хотин олади, баъзан бу ҳолат «динда жойиз», деган қараш билан оқланади.

Сановар эса бу ҳаётдан чарчаган, уни тарк этиш ниятида бўлган. Унинг юрагида касаллик бор эди. Эрталаб уй ишларини қилиб юрганида Сафарли ярашишни таклиф этди. Аёл рад жавоб берди: «Мен сен билан яшамайман. Ҳатто ўлиб кетсам ҳам сенга яқинлашмайман», — деди у.

Бу гаплар Сафарлининг ғазабини қўзғатди. У хотинини кўкрагидан уриб йиқитди. Аёл ҳушидан кетганидан сўнг, эркак уни боши билан «тандир» ичга солди ва олов ёқди. Сановарнинг ҳеч қандай қаршилиги эшитилмади.

Сафарли кейин гўё ҳеч нарса бўлмагандек, уйдаги ишларини давом эттирди. Бир неча соатдан кейин паспортни олиб, қочишга уриниб кўрди, аммо пулсиз қолгани учун бу режадан воз кечди. Кейин ўзи полицияга бориб таслим бўлди. Суд уни 19 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Қизиғи, у куни Сафарли ичкилик ичмаган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги фемицид ҳолатларининг катта қисмида қотиллар маст ёки руҳий касал эмас — аксарияти онгли равишда, ҳушёр ҳолда жиноят содир этган.

 

Нотўлиқ маълумот ва фемицидни ҳужжатлаштириш зарурати

Тузилган маълумотлар базаси фақат «айсбергнинг учи»ни кўрсатади. Ўлдирилган аёллар сони аслда анча кўп. Журналистика ва суд тизимида фемицид ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар етарли даражада тўлиқ эмас.

Маҳаллий ОАВ одатда жиноят ҳақидаги расмий хабарни қисқача ёзади — кўпинча прокуратура ёки полиция телеграм-каналидаги маълумотни айнан нусхалайди. Ҳолбуки, жуда кўп маълумотлар йўқолади: жабрланувчи исми ёкифамилиялари — 36 фоиз ҳолатда йўқ, ёши — 40 фоиз ҳолатда, касби — 76 фоиз, таълим даражаси — 74 фоиз, ногиронлик ҳолати — 97 фоиз, фарзанд бор-йўқлиги — 28 фоиз ҳолатда кўрсатилмаган.

Фемицид ҳолатларини тўлиқ ва аниқ ҳужжатлаштириш жуда муҳим. Бу қурбонлар хотирасини сақлаш, уларни шунчаки статистикага айлантирмаслик учун зарур. Бу маълумотлар очиқ бўлса, жамоатчилик ва ОАВ жиноятларни кузатиб бориши, таҳлиллар ҳаққоний бўлиши мумкин.

 

Қонунчиликда фемицидни алоҳида жиноят сифатида тан олиш зарур

Ҳозирда Ўзбекистонда фемицид умумий қотиллик моддалари бўйича жиноий жавобгарликка тортилади. Судя ёки прокурорлар аёлнинг «ҳимоясиз» ҳолатини (жисмоний кучсизлик, моддий боғлиқлик ёки она сифатидаги мақомини) ҳисобга олиши мумкин, аммо бу етарли эмас.

Жамиятда хабардорликни ошириш ва аёллар ҳаётини ҳимоя қилиш учун фемицидни алоҳида жиноят сифатида қонунан белгилаш лозим.

Изоҳлар: 

  • Агар фемицид билан боғлиқ ҳолатда аёл ўз жонига қасд қилган бўлса ва эркак унга зўравонлик ёки таҳдид сабаб бўлгани учун Ўзбекистон ЖКнинг 103-моддаси («ўзини ўлдиришга мажбурлаш») бўйича жавобгар бўлган бўлса, бундай ҳолат ҳам фемицид сифатида таснифланган.
  • «Турмуш ўртоғи» атамасига расман никоҳдан ўтмаган, фақат диний никоҳ билан яшаган эркаклар ҳам киритилган. Бу никоҳлар давлат томонидан тан олинмайди ва аёл ҳуқуқлари ҳимояланмайди.

«The Diplomat» нашридан таржима қилинди.