Путиннинг таназзули у ўйлаганидан ҳам яқин — The Telegraph

19:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Британиянинг The Telegraph нашрининг ёзишича, Россия ўз ресурсларини жадал суръатда йўқотмоқда. Доналд Трамп эса Россия режимининг муваффақиятсиз сиёсатини чеклаб, Украинадаги урушнинг яқин вақтда тугаши учун йўл очмоқда.

Putin 99

Геосиёсий стратег Марк Бролиннинг The Telegraph нашрида таъкидлашича, АҚШ президенти Доналд Трамп Россиянинг иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятини кескин заифлаштирувчи сиёсий бурилиш ясамоқда. Унинг фикрича, бу бурилиш икки йўналишдан иборат.

Биринчиси — Трамп Европани ўз хавфсизлиги учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олишга чақирди. «Европа Америка солиқ тўловчилари ҳисобига яшашни тўхтатиши керак. Бу анча аввал амалга оширилиши лозим эди», — дея ёзади муаллиф. Унинг таъкидлашича, бир неча авлод давомида Европа мамлакатлари АҚШ маблағларига суянди, ҳатто энергия соҳасида ҳам Россия нефтини харид қилишда давом этди.

Иккинчиси — Трамп «Совуқ уруш» давридан қолган фикрни рад этди: Россия у қадар хавфли эмаски, учинчи жаҳон уруши хавфидан қўрқиш керак бўлса. «Россия — кучсиз, ноустувор ва тез таназзулга юз тутаётган давлат. Украинага босқин ўша таназзулни тўхтатиш учун қилинди, аммо аксинча, таназзулни янада тезлаштирди», — дея ёзади Бролин. Унинг фикрича, Россиянинг ерларини эгаллаши қимматга тушган ва унинг Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Европадаги таъсирини тиклай олмайди.

Мақолада қайд этилишича, Доналд Трамп Украинага Tomahawk ракеталарини етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда. Унинг Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашуви бу ташаббусни муҳокама қилиш жараёнида АҚШ позициясининг ўзгарганини кўрсатди. «Кремлнинг таҳдидлари фош бўлди. Бу энди айиқнинг бўкириши эмас, балки Россия ҳокимият айвонларидаги асабий шивирлашдир», — деб ёзади Бролин.

Муаллиф фикрича, Европа ҳануз Россиянинг ҳақиқий ҳолатини англамаган. Россиянинг тизимий заифлиги шундайки, Украинага асимметрик устунлик бериш ва аниқ сиёсий босим орқали нафақат фронтда, балки Москвадаги сиёсий муҳитда ҳам ўзгариш қилиш мумкин.

Бролин Европа ҳали ҳам энергия масаласида синовдан ўтаётганини қайд этди. Унинг ёзишича, Европада Россия нефтига эмбарго жорий этилганига қарамай, Венгрия ва Словакия қувур орқали етказиб беришни давом эттирмоқда. «Ҳатто 2025 йилда ҳам айрим давлатлар Россия СТГ (суюлтирилган газ) харидларини кўпайтирган. Франция, Нидерландия ва Белгия — шулар жумласидан», — дейилади мақолада.

Муаллиф Европа давлатларини «энергетик иккиюзламачилик»ни тўхтатишга, Россиядан энергия сотиб олишни чеклашга ва амалларини сўзлари билан мослаштиришга чақирди. «Путин ўз ресурсларини жуда тез йўқотмоқда — буни кўпчилик ҳали англамайди», — деб ёзади у.

Мақолани Бролин шундай хулоса билан якунлайди:

«Урушлар ҳеч қачон идеал сценарий билан тугамайди. Улар ўқ-дорилар, аскарлар ва пул тугаганда якунланади. ҲАМАС буни англади. Путин ҳам тез орада англайди».