Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида инсонпарварлик ва жасорат намунаси бўлган ҳолат содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда 4-қават балконидан тушиб кетиш хавфида бўлган кичик ёшли бола акс этган.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, бола айнан 5-қаватда истиқомат қиладиган талаб йигит томонидан қутқариб қолинган. У ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз қўлда пастга тушиб, боланинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Қаҳрамон талабанинг айтишича, у пастга тушган пайтда балконда битта эмас, уч нафар бола бўлганини кўрган. Шунингдек, у вазиятнинг жиддийлигини англаб, дарҳол ҳаракат қилган ва бир неча дақиқа ичида болани хавфсиз жойга олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Ҳодиса жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Фуқаролар талабанинг жасорати ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини юқори баҳолашди.
ИИББ маълумотига кўра, воқеадан сўнг маҳалла профилактика инспектори болаларнинг онаси билан суҳбат ўтказиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун огоҳлантирган.