Жанубий Кореянинг The Korea Herald нашрининг ёзишича, Тошкент вилоятида барпо этилаётган янги халқаро аэропорт 2029 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лойиҳа умумий қиймати 3,31 млрд доллар бўлиб, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилмоқда.
Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси янги аэропортни эксплуатация қилиш бўйича маслаҳатчилик хизмати кўрсатиш учун 24,5 млн долларлик шартнома имзолаган. Компания 2027 йил июлидан бошлаб беш йил давомида хавфсизлик, IT-инфратузилма, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва техник таъмирлаш йўналишларида комплекс консалтинг хизматлари кўрсатади.
Янги аэропортнинг йиллик йўловчи қабул қилиш қуввати 54 млн кишига етиши кўзда тутилган. Incheon компанияси транспорт алоқалари, логистика, тижорат ва туризм зоналарини назарда тутиб, аэропорт атрофидаги шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам стратегия ишлаб чиқади.
15 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев аэропорт лойиҳаси билан танишиб, унинг қурилишига расман старт берди ва пойтахтнинг янги ҳаво дарвозаси пойдеворига тамал тоши қўйди.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Консорциум таркибидаги улушлар қуйидагича тақсимланади:
- Vision Invest (Саудия Арабистони) — 45 фоиз;
- Sojitz Corporation (Япония) — 30 фоиз;
- Incheon International Airport Corporation (Жанубий Корея) — 15 фоиз;
- Uzbekistan Airports — 10 фоиз.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги аэропорт фақат авиация эмас, балки транспорт ва логистика марказига айланиб, мамлакатнинг минтақавий транзит салоҳиятини оширади.