Яшнобод туманидаги ерости туннели тубдан янгиланмоқда

22:39 | 2 дақиқада ўқилади.

Пойтахтнинг Яшнобод туманидаги Махтумқули кўчасидан ўтувчи туннелда кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида туннел тўлиқ янгиланиб, замонавий ёритиш ва безак тизими ўрнатилади.

Yashnobod tonnel

Тошкентнинг Яшнобод туманидаги Маҳтумқули кўчасида жойлашган ерости туннелида қурилиш ва безак ишлари жадал суръатда амалга оширилмоқда, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Лойиҳага кўра, 410 метр узунликдаги туннел икки йўналиш бўйича тўлиқ янгиланмоқда. Ҳозиргача объектда 118 нафар мутахассис ва 6 та махсус техника ишламоқда.

Реконструкция доирасида:

  • 8 минг м² металл конструкциялар ўрнатилмоқда;
  • 5,2 минг м² юза травертин тошлари билан қопланмоқда;
  • 1 минг м² ҳажмда мармар ва цокол ишлари бажарилмоқда;
  • 38 та декоратив панеллар ўрнатилиши режалаштирилган.

Туннелнинг ташқи кўриниши ҳам янгича қиёфа касб этади. Туннел устидаги темирйўл ва автомобил кўприкларига безакли темир панжаралар ўрнатилади. Шунингдек, кечаси туннел замонавий ёритиш тизими ёрдамида ёруғ ва жозибадор кўринишда бўлади.

Қурилиш ишлари 5 ноябрга қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган. Лойиҳа тугаллангач, туннел шаҳар инфратузилмасининг муҳим қисми сифатида ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва йўл ҳаракатини енгиллаштиришга хизмат қилади.