Исроил Ғазо секторига ҳаво ҳужумларини қайта бошлади

22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил армияси Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҲАМАС жангчилари томонидан олиб борилган ҳужумларга жавобан анклав бўйлаб бир нечта авиаҳужумлар амалга оширганини маълум қилди.

Gaza

Исроил Қуролли кучлари (ЦАҲАЛ) иддаосига кўра, ҲАМАС жангчилари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида исроиллик ҳарбийлар томон ўқ узган. Бу ҳужумдан сўнг Исроил ҳаво кучлари анклав ҳудудидаги объектларга бир нечта зарба берган. Армия вакиллари яқин соатларда янги авиаҳужумлар ҳам бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

ҲАМАС вакиллари эса Исроилни сўнгги кунларда тузилган оташкесимни кўп марта бузганликда айблади. Уларнинг маълумотига, 10 октябрдан кейин ЦАҲАЛ ҳужумлари натижасида 38 фаластинлик ҳалок бўлган. Гуруҳ Reuters агентлигига берган баёнотида Исроилга берилиши режалаштирилган яна бир исроиллик гаровга олинган шахснинг жасади топилганини, аммо янги эскалация бу жараённи издан чиқариши мумкинлигини маълум қилди.

ҲАМАС шунингдек, Исроил томонидан қайтарилган фаластинликлар жасадларида «қийноқ излари» аниқланганини иддао қилди.

Исроилда эса бир қатор вазирлар янги авиаҳужумларни қўллаб-қувватлади. Диаспора ишлари бўйича вазир Амихай Чикли: «ҲАМАС мавжуд экан, уруш ҳам бўлади», — деди. Шу билан бирга «Демократлар» партияси раҳбари Яир Голан ижтимоий тармоқдаги баёнотида: «ҲАМАСнинг ҳужумига қатъий жавоб бериш лозим. Фақат шундай йўл билан ўйин қоидалари ўрнатилади», — дея таъкидлади.