Лувр музейида ноёб тошлар ўғирланди

19:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Париждаги Лувр музейида жиноятчилар кран ёрдамида ойнани синдириб, тож жавоҳирларидан иборат ноёб коллекцияни ўғирлаб қочди.

Luvre

Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 19 октябр куни соат 9:30 атрофида Лувр музейининг «Галерея д’Аполлон» қисмидан ноёб жавоҳирлар ўғирланган. Жиноятчилар кран ўрнатилган юк машинаси орқали иккинчи қават ойнасини синдириб киришган ва тўрт дақиқа ичида ўғриликни амалга оширишган.

Франция маданият вазири Рашида Дати ТF1 телеканалига берган интервюсида ҳодисани «юқори даражада ташкил этилган, профессионал жиноят» деб таърифлади. Унинг сўзларига кўра, ўғирлик чоғида ҳеч ким жабрланмаган ва жиноятчилар ҳеч бир ходимга таҳдид қилмаган.

Дати бир жавоҳир топилганини, у жиноятчилар қочиш вақтида тушириб қолдирилган бўлиши мумкинлигини айтди. Француз газетаси Le Parisien бу буюм Наполеон III хотини, Императрица Эженига тегишли тож бўлганини ёзди. Аммо у синган ҳолда топилган.

Ички ишлар вазири Лоран Нюне хабар беришича, гуруҳда уч ёки тўрт киши бўлган ва уларнинг ҳаракати музей ташқи қисмидаги кран орқали амалга оширилган. «Бу буюмлар нафақат тарихий, балки пул билан баҳолаб бўлмайдиган қадриятга эга» деди Нюне.

Музей маъмурияти ижтимоий тармоқларда Лувр «фавқулодда сабабларга кўра» бир кунга ёпилганини маълум қилди. Тадқиқотни қимматбаҳо ашёлар ўғирлиги билан боғлиқ жиноятларни очиш бўйича ихтисослашган полиция бўлими олиб бормоқда.

Лувр тарихида бу биринчи йирик ўғирлик эмас. 1911 йилда ҳам «Мона Лиза» асари ўғирланган, икки йил ўтиб топилган эди. Ҳозирги воқеа эса музей хавфсизлиги масаласига яна бир бор жиддий эътиборни қаратмоқда. Дати таъкидлаганидек, сўнгги қирқ йилда музейларда хавфсизлик масаласи етарлича эътиборсиз қолган ва янги турдаги уюшган жиноятчиликка қарши тизим янгиланиши зарур.