Ўзбекистонда ипотека бозори 25 фоизга ўсди — асосий улуш банклар ҳиссасига тўғри келди

08:30 | 4 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакатда ипотека кредитлари ҳажми 28,5 фоизга ошди. Қарз олувчилар сони 50 минг нафардан ошди, ўртача кредит миқдори 300 млн сўмдан юқори бўлди.

Ipoteka kredit

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг тўққиз ойлигида Ўзбекистонда ипотека бозори сезиларли ўсиш қайд этди. Январ–сентябр ойларида жами 15,06 трлн сўм ипотека кредити ажратилган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,56 фоиз кўпдир. Шу билан бирга, ипотека портфели қолдиғи 76 трлн сўмга етиб, йил бошидан буён 8,3 трлн сўмга ошди.

Ипотека олувчилар сони 17,8 фоизга ўсиб, 50,1 минг нафарга етди. Бир нафар қарздорга тўғри келадиган ўртача кредит ҳажми 300 млн сўмдан ортиқ бўлди (+9,8 фоиз).

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағ ажратиш ҳажмини 10,5 фоизга ошириб, 7,43 трлн сўмга етказди. Бироқ унинг умумий бозордаги улуши 57,4 фоиздан 49,3 фоизга тушди. Шу билан бирга, Ипотекани қайта молиялаш компанияси кредит ҳажмини 1,5 трлн сўмдан ортиққа, яъни 20,5 фоизга оширди.

Банклар эса ипотека бозорида фаол иштирок этиб, молиялаштириш ҳажмини 63,5 фоизга, яъни 6,12 трлн сўмга етказди. Уларнинг улуши 40,7 фоизгача ўсди (ўтган йили — 32 фоиз бўлган).

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри мутлақ етакчи бўлиб, бу ерда 4,81 трлн сўмлик ипотека берилган (+36,18 фоиз). Шу тариқа, мамлакат бўйича умумий ипотека кредитларининг қарийб учдан бири пойтахт ҳиссасига тўғри келди. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (1,14 трлн сўм, +12,8 фоиз), Андижон вилояти (1,13 трлн сўм, +36,25 фоиз), Самарқанд вилояти (1,05 трлн сўм, +3,44 фоиз) ва Сурхондарё вилояти (929 млрд сўм, +62,98 фоиз) жойлашди.

Бирламчи бозорда берилган ипотека кредитлари улуши 74 фоизни ташкил этди — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоиз пунктга кўп.

Ипотека олувчиларнинг 60 фоизи — 29,8 минг нафар эркаклар, 66 фоизи эса 31 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар. Ёшлар (30 ёшгача) улуши 25 фоизни, 50 ёшдан юқори фуқаролар улуши эса 9 фоизни ташкил этди.